Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси меҳнат билан чамбарчас боғлиқ. Фаровон турмуш кечиришни истаган инсон борки, астойдил тер тўкади, шу йўл билан мақсадига эришади. Меҳнат қилиш хусусида сўз борар экан, орамизда хорижда ишлаш истагида юрган юртдошлар бор. Албатта, қонуний йўллар орқали хорижда ишлаб келишнинг ёмон жиҳати йўқ. Бироқ турли ноқонуний йўллар билан хорижга ишлаш мақсадида кетаётган ва одам савдоси қурбонига айланаётганлар кам эмас.

Юртимизда фуқароларимизнинг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишнинг қонуний асослари яратилган. Бу борада Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фаолият юритмоқда. Агентликнинг асосий вазифаси республикамиз фуқароларини чет элларда ишга жойлаштириш учун иш ўринлари ажратиш, рухсатномалар бериш ҳамда уларнинг меҳнат фаолиятини мувофиқлаштириб боришдан иборат.

Ўзбошимчалик билан иш излаб борган одамлар чет элда ҳеч нарсадан суғурталанмаслиги ва кафолатланмаслигини таъкидлаш жоиз. Агентлик орқали борадиган инсонларга хорижлик иш берувчи томонидан юборилган меҳнат шартномасида унинг иш вақти, тиббий суғуртаси ва ижтимоий ҳимояланганлиги ўрганиб чиқилади. Шундан сўнг ишга таклиф этаётган давлатдаги Ўзбекистон элчихонаси ёки бошқа консуллик идоралари томонидан ушбу шартнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзоларига тақдим этилади.

Лекин хорижга кетишга узил-кесил аҳд қилишдан аввал бафуржа ўйлаб кўриш керак. Халқимиз “Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарозу” дея бежиз айтмаган. Даромадли иш, бепул турар жой ваъда қилаётган кимсаларнинг қуруқ гапига ишонмай, аввал Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига мурожаат қилиш зарур. Ишлаш учун бораётган мамлакат тўғрисида қай даражада маълумотга эгасиз? Мабодо, бирон кўнгилсизлик юз берса ёки ҳуқуқингиз ўзгалар томонидан поймол этилса, қаерга ва қай тартибда мурожаат этасиз? Бу саволларга аниқ, асосли жавобингиз бўлсин.

Сиз йўл олаётган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси ёки консуллик идорасининг аниқ манзили ва телефон рақамларини ён дафтарчангизга ёзиб олинг. Энг муҳими, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатни ҳеч кимга берманг. Ўзга юртларда пул топаман, дея қулликка тушиб қолманг. Зеро, сиз озод ва обод юрт фарзандисиз.

 

Азизхон ҲАКИМОВ