У шундай Зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди” (Бақара, 29).

 

Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан, аввало, қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида кўп йиллардан буён илмий ва амалий изланишлар олиб борилади, салмоқли тажриба тўпланган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари жаҳон миқёсида эътироф этилган. 2012 йилда юртимизда Қуёш энергияси халқаро тадқиқот институтига асос солиниб, соҳани ривожлантиришда муҳим қадамлар қўйилди.

2013 йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Президенти “Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Фармонни имзолади. Фармонда муқобил энергетикадан самарадор қувват олиш йўлидаги тадқиқотлар, тажриба-амалий ишлар кўламини кенгайтириш учун имконият яратиш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Мамлакатимиз ҳудудида миллий, замонавий муқобил энергия манбаларидан қувват олиш ускуналари, технологияларини яратиш бўйича вазифалар қайд этилди.*

2013 йилнинг 22 ноябрида мамлакатимизда йирик халқаро анжуман – Осиё қуёш энергияси Форумининг олтинчи йиғилиши ўтказилди. Унда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларидан халқаро молия институтлари, компания ва корпорациялар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, олимлар – жами 300 нафарга яқин мутахассис ва эксперт иштирок этди.

Форум очилишида маъруза қилган Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) раҳбари Такехико Накао, жумладан, бундай деди: “Серқуёш Ўзбекистон кенг ҳудудга ва юқори малакали мутахассисларга эга мамлакат бўлгани боис минтақада қуёш энергетикасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон учун қуёш энергетикасини кенг кўламда ривожлантириш соф энергия билан таъминлаш, шунингдек, юқори малакали иш ўринларини ташкил қилиш, тадқиқотлар ўтказиш, қуёш энергетикасининг илғор тизимларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича технологик марказга айланиш имконини беради”.

Таъкидлаш жоиз, бу жараёнда ОТБ билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, 2010 йилда мазкур банк кредит шаклида 350 миллион АҚШ доллари ҳажмида маблағ ажратган. Ўзбекистон ҳукумати шу маблағ ёрдамида юқори технологияли буғ-газ турбиналари воситасида энергия ишлаб чиқарадиган Толимаржон иссиқлик электр станциясини қуришга киришган. 2011 йили Ўзбекистон энергетика ресурсларидан янада самарали фойдаланиш мақсадида электр энергиясини автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини жорий эта бошлади. Буни амалга ошириш учун ОТБ яна 150 миллион АҚШ доллари ҳажмида қарз ажратди. Ушбу банк билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш ишлари ҳам бошланган.

Юртимизда муқобил энергия соҳаси учун керакли хомашёлар ишлаб чиқарувчи қатор корхоналар бунёд этилмоқда. Хусусан, Жанубий Кореянинг “Неоплант” компанияси билан ҳамкорликда йиллик қуввати 12 минг тоннани ташкил этадиган техник кремний ишлаб чиқарадиган завод фойдаланишга топширилди. Ангрен махсус саноат ҳудудида Кореянинг “Шиндонг Энерком” ширкати иштирокида йилига 5 минг тонна кремний ишлаб чиқарувчи иккинчи завод қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Хитой Халқ Республикасининг йирик ширкатлари иштирокида 2014 йили Навоий эркин саноат ҳудудида дастлабки қуввати 50 мегаватт бўлган фотоэлектр панеллари ишлаб чиқарадиган, “Жиззах” махсус саноат ҳудудида эса йилига 50 минг дона қуёш иссиқлик коллекторлари ишлаб чиқарадиган корхоналар қурилиши кўзда тутилган.

Оддий истеъмолчига муқобил энергия манбаларини ривожлантириш нима беради? Шу савол билан “Муқобил энергия ва ёқилғи корхоналари ассоциацияси” раиси Аббос Алимбоевга мурожаат этдик.

– Ҳаммамиз ҳам шу она Ер фарзандларимиз, – куюниб гап бошлади суҳбатдошимиз. – Табиий жараёнлар натижасида, минг йиллар давомида тўпланган, ҳозирда эса мислсиз тезликда сарфлаб юборилаётган ресурсларни тежаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Бунинг учун муқобил энергия манбаларига таянишдан ўзга чорамиз йўқ. Истеъмолчиларга бу иссиқлик, иссиқ сув, ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қуритиш ва қайта ишлаш, қурилиш ашёларига юқори ҳароратда ишлов бериш жараёнларида ёнилғи-энергия ресурсларини тежаш имконини беради. Қолаверса, шу йўл билан юртимизнинг электр тармоқларини ўтказиш қийин бўлган, айтайлик, тоғли ҳудудларида яшовчи аҳолига ҳам анча қулайлик яратиш мумкин. Лекин масаланинг бошқа, янада муҳим жиҳати бор.

Замонавий илм, тиббиёт ютуқларига қарамай, ҳозирги авлод жисмонан ота-буваларидан анча “мўрт”лиги сир эмас. Бунда кўпинча бугунги экологик муаммоларни рўкач қиламиз. Экология эса асосан нефть маҳсулотлари – бензин, керосин, солярка кабилардан чиқадиган зарар ҳисобига бузилмоқда. Бу заҳарли моддалар нафақат ҳавода учиб юради, балки оёғимиз остидаги майсаларга, истеъмол қиладиган сабзавоту меваларимизга, ҳатто яшаб турган уй-жойларимиз деворларига ҳам ўрнашиб, аста-секин ичимизга киради. Ана энди фарзандларимизнинг танасига бу моддалар қай даражада сингиб кетишини тасаввур қилиб кўринг! Бутун дунёда ирсият билан боғлиқ жиддий муаммо юзага келяпти. Мутахассислар шу ҳақда бонг уришяпти. Демак, истеъмолчилар ҳеч бўлмаса, зурриётлари соғлом, насли тоза бўлиши учун ҳам муқобил энергия ривожини танлаши керак”.

Суҳбатдошимиз қуёш энергиясидан ташқари бошқа, ён-атрофимизда сочилиб ётган қувват манбалари – биоорганик энергия ҳақида ҳам тўлиб-тошиб гапирди. Ҳозирча биз қадрига етмаётган бу қувват истеъмолдан чиққан резина ва пластик маҳсулотлар (дарвоқе, улар табиий шароитда 100 – 150 йилгача ҳам чиримай, заҳар чиқариб ётади), ўсимликларнинг чириндиси, гўнг, маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш орқали ҳам олиниши мумкин. Бу алоҳида мавзу.

Юлдуз ҲОШИМОВА тайёрлади.