Масжидул Ақсо мусулмонлар учун Макка ва Мадинадаги икки муқаддас Ҳарамдан кейинги учинчи улуғ қадамжо ҳисобланади. Унинг тарихи Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Мерож” кечалари билан боғлиқ. У жойда “Исро” кечаси жамики пайғамбарлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг орқаларида туриб намоз ўқишган. Бундан ташқари, ушбу масжид тўғрисида биз эшитмаган маълумотлар ҳам бор:

1. Масжидул Ақсо бир эмас бир неча масжидлар мажмуасидир. “Ақсо” мажмуанинг жанубида, шарқий қисмида эса “Қибла” масжиди жойлашган. Шунингдек, “Буроқ” ва “Марвани” масжидлари ҳам мажмуадан ўрин олган. Баъзан Масжидул Ақсони “Ҳарами Шариф” деб ҳам аташади.

2. У жой бир қанча пайғамбарлар ўтган қадамжодир. Дафн этилган пайғамбарлар ва саҳобалар сони маълум эмас. Ана шу масжид қурилишида вафот этган Сулаймон (алайҳиссалом) ҳам шу ерга дафн этилганлар.

3. Ҳарами Шариф имом Абу Ҳомид Ғаззолий яшаб ижод этган макондир. Бу ерда у ўзининг Ислом адабиётидан муҳим ўрин эгаллаган “Иҳёу улумид дин” асарини ёзиб тугатган. Имом Ғаззолий Қуръони карим илмини чуқур ўрганган, фақиҳ ва мутафаккир сифатида Ислом оламида катта шуҳрат қозонган. У ижод қилган хона ҳамон бор.

4. Масжидул Ақсо маълум вақт отхона, сарой ва қатл этиш маскани сифатида ҳам фойдаланилган. Салибчилар Қуддусни босиб олганларида етмиш минг нафардан зиёд аҳолини қириб ташлаганлар. Шунда “Қибла” масжиди саройга айлантирилган. Вақт ўтиб, Султон Салоҳиддин яна Қуддусни фатҳ этган.

5. Бу жойда Ислом тарихидан алоҳида ўрин олган машҳур Нуриддин Занги қурдирган минбар бор. Усталар уни маҳорат билан бирорта мих ёки елим ишлатмасдан ясаганлар. У битгунича Нуриддин Занги қазо қилган. Вафотидан сўнг Салоҳиддин бу савобли ишни охирига етказди. Минг афсус, минбарнинг кўп қисми ҳозиргача сақланмаган.

6. Ҳарами Шарифнинг олдинги қуббаси бошқача бўлган. Ислом тарихидаги биринчи қуббани шу масжидга умавий халифа Абдулмалик ибн Марво бунёд эттирган. У ёғочдан ясалган бўлиб, мис, қўрғошин ва сопол билан қопланган эди. Султон Сулаймон даврида қуббага тилла суви юритилган, масжиднинг олд томони эса усмонлилар услубида бўялган.

7. Масжидул Ақсо ҳудуди бир вақтлар ахлатхона ҳам бўлган. Яҳудийларга у ерда яшаш тақиқланганида румликлар ҳудудни ахлат ташлайдиган жойга айлантирганлар. Халифа Умар (розияллоҳу анҳу) шаҳарни озод қилганларида ўз қўллари билан у жойларни тозалаган. Шунингдек, у киши атрофдаги етмишта яҳудий оиласининг у ерда қўним топишини амр этган.

8. 1967 йилда масжид яна Исроил назоратига ўтди. 1969 йили мажмуада ёнғин юз берди. Фаластин аҳолисининг саъй-ҳаракати билан ўт ўчирилди ва масжид яна қайта тикланди.

 

Азизхон АСРОР ҳожи ўғли тайёрлади.