Маълумки, Масжиди Набавий (Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидлари) мусулмон оламида иккинчи энг фазилатли ва табаррук ибодатгоҳдир. Ҳадисларда айтилишича, у ерда ўқилган намоз савоби бошқа жойларда ўқилганидан минг баробар кўпроқ. Бу маскан ҳаммамизга яхши маълум бўлса-да, Масжиди Набавий ҳақида баъзи эшитмаган, билмаганларимиз ҳам бор:

1. Бу ер Арабистон яримороли бўйича илк электр тармоғига уланган жойдир. Усмонлилар биринчи бўлиб айнан Масжиди Набавийни чироқ билан таъминлаганлар. Ҳатто турк султони саройида ҳам электр тармоғи бир неча йилдан сўнг пайдо бўлган.

2. Замонавий масжид ҳудуди Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларидагидан юз баробар кенгайган.

3. Илгари масжиднинг гумбази йўқ эди, ҳозир эса иккита. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейинги олти юз эллик йил мобайнида мозорлари тепасида ҳеч қандай гумбаз бўлмаган. Биринчи бўлиб 1279 йили султон Мамлук уни ёғочдан қурдирган. Ҳозир барчанинг назари тушадиган яшил гумбаз унинг сиртқи кўриниши, холос. Унинг остида бошқа, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Абу Бакр Сиддиқ ва Умар (розияллоҳу анҳумо)лар исмлари ўйиб ёзилган кичикроқ гумбаз бор.

4. Масжид гумбази олдин бинафшаранг бўлган. Унинг ранги бир неча бор ўзгартирилган. Қачондир оқ рангда ҳам бўлган. Узоқ вақт ҳижозлик араблар яхши кўрадиган кўк тусда турган. Бир юз эллик йил олдин қубба ҳозирги яшил кўринишга келтирилди.

5. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тегишли буюмлар у зотнинг шахсий хоналарида ва қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо) хоналарида сақланган. Усмонлилар давридан бери бу буюмлар Истанбулдаги “Тўпқопи” музейида сақланяпти.

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.