Ёмғирни жуда яхши кўраман. Айниқса, китоб ўқиб ўтирганимда хонанинг деразасини чертиб, дона-дона томчилари ойнадан сизиб турса... Ёмғирни томоша қилаётиб: "У қандай пайдо бўларкин?" деб ўйлайман. Аллоҳнинг раҳмати – ёмғир ҳақида жуда билгим келиб, ақлим шошади... 

Қизиқ, ёмғир қаерда ва қандай пайдо бўларкин?

Ёмғир уч босқичда шаклланади: биринчи босқичда ёмғирнинг "хом ашё"си шамол билан ҳавога кўтарилади, иккинчи босқичда булутлар пайдо бўлади ва ниҳоят, учинчи босқичда томчилар юзага келади. Ёмғирнинг пайдо бўлиш жараёнини Қуръони карим бундай ифодалайди: "Аллоҳ шундай зотки, (У) шамолларни юбориб, булутларни қўз­ғайди, бас, уни осмон бўйлаб хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач, унинг орасидан ёмғир чиқишини кўрасиз. Бас, уни (ёмғирни) Ўз бандаларидан хоҳлаган кишисига етказганида, улар бирдан шодланиб кетадилар" (Рум, 48).

Таниқли олим Ҳорун Яҳё оятда келтирилган уч босқични бундай таҳлил қилади: "Аллоҳ шундай зотки, (У) шамолларни юбориб..." Уммонларнинг кўпикланишидан пайдо бўлган саноқсиз ҳаво пуфакчалари муттасил ёрилади ва сув зарраларининг ҳавога қараб отилишига сабаб бўлади. Кейин тузга бой бу зарралар – аэрозоллар шамол ёрдамида юқорига - атмосферага кўтарилади. Улар сув қопқонлари вазифасини бажаради ва атрофига денгиздан кўтариладиган сув буғларини йиғиб, булут томчиларини ҳосил қилади.

"...булутларни қўзғайди, бас, уни осмон бўйлаб хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач..." Булутлар ҳавода туз зарралари ва чанг зарралари атрофида суюладиган сув буғларидан юзага келади. Улардаги томчилар жуда кичик - тахминан 0,01-0,02 мм. (0,0004-0,0008 дюйм) ўлчамда бўлгани сабабли булутлар ҳавода осилиб қолади ва осмон бўйлаб ёйилади.

"...унинг орасидан ёмғир чиқишини кўрасиз". Туз зарралари ва чанг зарраларини ўраб турган сув зарралари қалинлашади ва ёмғир томчиларини пайдо қилади. Шундай қилиб, ҳавога нисбатан оғирроқ бўлиб қоладиган томчилар ёмғир бўлиб ёғади.

Борлиқдаги кўп табиий ҳодисалар каби, ёмғирга оид энг тўғри тушунчани ҳам Аллоҳ таоло маълум қилиб қўйган: "Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Сўнгра (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. (Аллоҳ) осмондан – ундаги тоғ (булут)лардан дўл ёғдириб, уни ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни кетказгудекдир" (Нур, 43).

Булут турларини ўрганаётган олимлар ёмғир булутларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ ажабланарли натижаларга дуч келишди. Бунда уларнинг муайян тизим ва бос­қичларга кўра ҳосил бўлишини аниқлашди. Масалан, ёмғирли булутнинг пайдо бўлиш жараёни қуйидагича ифодаланади:

1. Ҳайдалади: булутлар шамол орқали ҳайдалади.

2. Бирлашади: ёмғирли кичик булутлар ўзаро бирлашиб катталашади.

3. Устма-уст қалашади: кичиклари бирлашганидан сўнг каттароқ булут ичидаги юқорига кўтариладиган оқимлар катталашади. Булут маркази яқинидаги юқорига кўтарилувчи оқимлар четроқдагиларига қараганда кучли бўлади. Улар устма-уст қалашиб юқорига кўтарилади. Юқоридаги совуқ қатлам булутнинг дўл, ёмғир ёки қорга айланишига сабаб бўлади.

Об-ҳавони ўрганувчилар яқинда кашф қилган ёмғир пайдо бўлиши ҳодисаси, бундан ўн тўрт аср илгари Қуръони каримда баён қилинган: "Аллоҳнинг раҳмати (ёмғири) асоратларига боқинг - ерни ўлганидан кейин қандай қилиб уни тирилтиради..." (Рум, 50). Қора тупроқни яшнатувчи ёмғир табиатни уйғотади. Чанг-ғуборларни кетказиб, атроф-муҳитга ажойиб тозариш бахш этади.

Демак, ёмғирларни елкасига ортмоқлаган булутлар раҳмат улашиладиган даргоҳдан келар экан.

 

Зебунисо ҲУСАЙН тайёрлади.