Мутахассислар айтишича, Масжидул Ҳаром шу кунгача ўн икки марта қайта таъмирланиб, кенгайтирилган. Бунга йил сайин ҳожилар сонининг ортиши эҳтиёж туғдиряпти.

1925 йили қирол Абдулазиз ибн Абдурраҳмон Масжидул Ҳаром кўринишини ўзгартиришни бошлади. 1953 йилда Арабистон яримороли бўйича илк электр тармоғи узатилди. Унда ёритгичлар ва шамол ҳайдаш воситалари пайдо бўлди. Қироллар Сауд IV, Файсал ва Холид даврларидаги қурилишлар натижасида Масжидул Ҳаром майдони бир юз тўқсон уч минг квадрат метрга кенгайди. Қирол Фаҳд ташаббуси билан Масжидул Ҳаромга ўт ўчириш, ҳавони совутиш ва канализация тизимлари ўрнатилди. Ўшанда майдон уч юз эллик минг квадрат метрдан иборат бўлиб, олти юз минг нафар одамни сиғдира олар эди.

Бир неча асрлардан бери Каъбадан йигирма бир метр масофадаги жойдан Замзам булоғи қайнаб чиқади. Булоқнинг чуқурлиги ўттиз метр. Исмоил (алайҳиссалом)дан мерос бўлиб қолган муқаддас ва шифобахш қудуқдан ҳар бир зиёратчи ният қилиб ичади. 2003 йилга қадар бу амални бажаришлари учун ҳожиларга зинапояли йўл қилиб қўйилган эди. Кейин ертўла ёпиб юборилди ва Масжидул Ҳаромнинг ички ва ташқи томонига гир айлана Замзам жўмраклари ўрнатилди. Ҳозир Замзам меҳмонхоналарга ҳам етказиб бериляпти.

2007 йилдан бошлаб қирол Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Оли Сауд лойиҳаси асосида масжид, унинг атрофини кенг кўламда таъмирлаш бошланди. Биринчи босқичдаёқ масжидга бир миллион олти юз минг киши сиғадиган бўлди. Каъба атрофига қўшимча қаватлар қурилиб, тавоф қилиш доираси йигирмадан эллик метргача кенгайди.

Ҳозир Маккаи мукарраманинг Шомия, Жабал Хандом, Жабал Умар ва Ҳижра ҳудудларидаги Масжидул Ҳаром билан туташ эски иморатлар ўрнида янги, осмонўпар меҳмонхоналар, турар жойлар, савдо марказлари, шифохоналар, йўллар ва автоулов тўхташ жойлари қад кўтармоқда. Айни пайтда Масжидул Ҳаромнинг жануби-шарқидаги Жабали Умар ҳудудида икки юз ўттиз минг квадрат метр дўнгликни текислашга киришилган. У жойда юз минг аҳолига мўлжалланган янги мавзе бунёд этилади. Иккинчи босқичда Масжидул Ҳаромнинг ҳовлиси яна кенгайтирилиб, қўшимча икки юз йигирма минг нафар намозхонга жой очилади.

Масжидул Ҳаромнинг шимолидаги Шомия мавзесида минглаб турар жой ва бошқа бинолар бузилди. Бу эса ҳаж мавсумида транспорт воситалари оқимини анча камайтиради. Учинчи босқич Масжидул Ҳаром майдонининг уч юз минг квадрат метрга кенгайиши ва қўшимча беш юз минг нафар ҳожига жой ажратиш имконини беради. Лойиҳа бўйича Маккаи мукаррамани умумий таъмирлашга йигирма етти миллиард доллар ажратилган.

Масжидул Ҳаромнинг шимолий тарафига қирол Абдуллоҳ номидаги янги дарвоза ўрнатилди. Мавжуд тўққизта минорага қўшимча яна иккита тўқсон беш метрлик минора қад кўтарди. Қайта қуришнинг тўртинчи босқичидан сўнг Масжидул Ҳаромда, ҳовлиларини ҳам ҳисобга олсак, бир вақтда икки ярим миллион мусулмон ибодат қила олади.

Маккаи мукаррамадаги тирбандликни бартараф қилиш мақсадида 2009 йили метро барпо қилиш режалаштирилди. Мазкур ер усти метросини қуриш учун олти миллиард етти юз минг Саудия риёли ажратилди. 2010 йили ўн саккиз километр узунликдаги тўққизта бекатли тармоқ ишга туширилди. 2012 йили эса у яна олтита бекатга чўзилди. Мино, Муздалифа, Арафот водийларини боғлаб турувчи поездлар бир соатда етмиш икки минг нафар ҳожини элтишга қодир. Бу экологияга салбий таъсир кўрсатувчи автобусларнинг кундалик эллик уч мингта қатнови ўрнини босади. Ер сатҳидан ўн метр баланд темир йўлнинг ҳар бир тармоғи алоҳида рангга бўялган. Поездлар соатига юз километр тезликда юради. Ҳозир Масжидул Ҳаром – Жидда халқаро аэропорти тармоғи қуриляпти.

Азизхон Асрор ҳожи ўғли

тайёрлади.