Тасаввуф таълимоти руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар сифатида пайдо бўлиб, унинг йирик намояндалари азалдан инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келган. Шу тариқа ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолат ва ростгўйлик каби умуминсоний қадриятларини ўзида мужассам этган.

Афсуски, кейинги йилларда айрим сохта “тасаввуфчи”лар тариқатни мансаб, мол-дунё орттириш манбаига айлантириб олди. Бу ҳолат соф тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетилганини кўрсатади. Баъзи сохта тариқат вакиллари пирларини ўта муболаға билан улуғлаши, ҳатто тавоф қилиш даражасига бориб етиши фикримизнинг исботидир. Улар: “Тариқат – ҳақиқатдир, шариат эса зоҳирий илмдан бошқа нарса эмас”, дейишгача боришмоқда.

Тасаввуф илмининг буюк олимлари ўз вақтида бу каби пуч даъволардан огоҳлантирганлар. Ҳужжат ул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий бундан бир неча аср аввал: “Аллоҳ таолонинг йўлидаги солиҳлар жуда оздир, аммо уни даъво қилувчилар жуда кўп”, деган бўлса, Абу Язид Бистомий: “Кароматлар берилган, ҳаттоки осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то унинг шариат буйруқлари ва қайтариқларига қай даражада риоя этаётганини кўрмагунингизча, у билан алданиб қолманг”, дея таъкидлаган. Тасаввуфнинг йирик намояндаларидан бири Жунайд Бағдодий: “Ким Қуръонни ёд олмаса, ҳадисни ўрганмаса, тариқатда унга эргашилмас. Чунки бизнинг ишимиз Китоб ва Суннат ила боғлиқдир”, дейди. Бошқа бир ўринда эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг изларидан юрмаган киши учун барча йўллар беркдир”, деган.

Бугунги кунда учраб турган айрим сохта тариқатчиликда ва бошқа турли бузғунчи фирқа вакилларида шаръий масалалар нотўғри талқин қилиниши кўзга ташланмоқда. Шулардан бири “байъат” тушунчасидир.

“Байъат” арабча сўз бўлиб, “келишиш”, “битим тузиш” деган маъноларни англатади. Шариатда байъат тушунчаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва у зотнинг халифалари (ўринбосарлари)га хосдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилиш – Исломни қабул қилиш, унинг амалларини бажариш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига содиқ бўлишда аҳднома маъносини ифодалаган.

Ислом тарихида Ҳудайбия водийсидаги бир туп дарахт остида бир ярим мингга яқин саҳоба Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га ҳар қандай шароитда ҳам содиқ бўлишга байъат қилганлар. Бу воқеа “Байъатур – ризвон”, яъни “Аллоҳ рози бўладиган байъат” номи билан машҳур. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинади: (Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан, Сизга байъат (қасамёд) қиладиганлар, албатта, Аллоҳга байъат қилган бўлурлар. Аллоҳнинг “қўли” уларнинг қўллари узрадир. Бас, кимки (ўз қасамёдини) бузса, бас, (у) фақат ўз зарарига бузур. Кимки Аллоҳ билан аҳдлашган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улкан мукофот ато этур” (Фатҳ,10). Шу суранинг 18-оятида эса: (Эй, Муҳаммад!) Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида Сизга байъат қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У уларнинг дилларидаги нарса (садоқат)ни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни яқин ғалаба билан мукофотлади”, дейилган.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳаётлик даврларида бундан бошқа байъатлар ҳам бўлган. Улар ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Масалан, Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га намозни тугал адо этиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилиш ҳақида байъат қилдим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин халифага байъат қилиш йўлга қўйилган. Бу байъат халифаликлар тугатилгунча давом этган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Халифалик мендан кейин ўттиз йил давом этади, сўнгра подшоҳлик ва амирликлар бўлади”, деганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Хулафои рошидинлардан кейин давлатнинг барча тузилмалари подшоҳ ва амирлар томонидан бошқарилгани сабабли кишилар ўзлари учун зуҳд ва тақвода ўрнак бўладиган пирлар, шаръий илмларни яхши биладиган устозларга байъат қилишга ўтганлар. Пирларга бериладиган ушбу байъат шогирднинг тўғри йўлда бўлиши, гуноҳ ишлардан тийилиши ва зикр, тиловат каби маълум кундалик вазифаларига содиқлик билан амал қилиб бориши маъносида бўлган.

Шу тарзда байъат иккига бўлинди:

– халифага байъат қилиш.

– пирга байъат қилиш.

Вақт ўтиши билан пирларга бериладиган байъатгина қолган. Лекин бу Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га қилинган байъат сифатида қабул қилинмаган. Шунинг учун ҳам кўплаб фақиҳларнинг фатво китобларида пирларга қилинган байъат шаръий аҳамиятга эга эмаслиги таъкидланган. Мисол учун ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган фақиҳларидан бири, шунингдек, шозилийя тариқатининг йирик намояндаси бўлган Муҳаммад Амин ибн Обидиннинг “Ал-Уқуд Ад-Дуррийя” номли асарида шундай дейилади: “Суфийлардан бир киши бирор пирга қўл берган бўлса, кейин бошқа пирни ихтиёр қилса, биринчи шайхнинг байъатига амал қилиши лозимми ёки иккинчисига? – деган саволга жавоб шуки, биринчи байъатга ҳам, иккинчи байъатга ҳам амал қилиш шариат бўйича вожиб бўлмайди. Чунки бу иш шариатда асосга эга эмас”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда “байъат” масаласида тортишаётганлар, унга шаръий тус беришга уринаётганлар ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни тўғри англамаган ёки уларни тартибли равишда ўрганмаган ҳолда баҳс олиб бормоқдалар. Маълум бир ҳудудни босиб олган бир тўда ғаламисларнинг сохта “халифалик” даъвоси ёки байъат олиши динимиз таълимотига бутунлай зиддир. Зеро, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Кимки мусулмонлар маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди”, деганлар .

 

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

Тошкент Ислом институти ректорима