Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: "Пайғамбарлардан бирини чумоли чақди. У чумолилар қишлоғи (ини)ни ёқиб ташлашни буюрди. Аллоҳ таоло унга: "Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!" дея ваҳий қилди" (Имом Муслим ривояти).

Чумоли жуда тартибли жонзот. Ўнта, йигирмата, ўттизта, қирқта, юзта бўлса ҳам, бир чизиқда, бир йўлда кетма-кет юришади. Ҳамкорлик ва бирдамлик намунасини кўрсатишади. Бирортаси касал бўлиб қолса, бошқалари уни кўтариб, инига олиб бориб, даволашади. Инини юзлаб чумоли хашар қилиб қуради. Бу ин узун бўлиб, олд тарафида кириш учун тешик, орқаси эса берк бўлади. Ҳайратли томони – берк тарафи доимо шарқда бўлади. Бразилияликлар ва у ерга келган сайёҳлар чумоли инига қараб шарқ ва ғарб томонни билиб олишади.

Чумолилар йўлида сувга йўлиқиб қолса, ундан ўтиш учун икки хил йўл қилади: биринчиси, бир-бирига боғланиб, ҳар бири ёнидаги чумолини ушлайди ва сувнинг нариги томонига етиб боргунча боғланишади. Натижада, кўприк ҳосил бўлади. Бошқа чумолилар уларнинг устидан ўтиб боради. Ҳамма ўтиб бўлгач, кўприкнинг бош тарафини тутиб турган чумоли кўприк устидан ўтиб боради. Сўнгра кейингиси ва ҳоказо. Иккинчиси, ариқ ё анҳор устига кўприк қилиб бўлмайдиган даражада каттароқ бўлса, чумолиларнинг бир тўпи ўзини сувга отиб, бир-бири билан маҳкам боғланади. Кейин бошқалари ҳам ўзларини сувга отиб (худди қайиққа мингандек) уларнинг устларига чиқиб олишади.

Биологлардан бири: "Чумолилар – ҳайратомуз ўрнак, ўта интизомли ва вазифалари ўзаро нозик дид билан тақсимланган қумурсқалардир", дейди. Улар оиласида келишмовчилик бўлмайди. Озодаликни яхши кўрадиган бу жонзот бир кунда йигирма марта танасини тозаларкан. Инини ҳар доим покиза тутади.

 

Гулрух МУХТОРОВА тайёрлади.