Ҳамма тиллар каби араб тилида ҳам бошқа тиллардан ўзлаштирилган сўзлар бор. Ундай сўзларни “муъарраб” дейилади. Луғатда “муъарраб” арабчалашган маъносини ифода этади.

Қуръони каримда араблашган сўзлар бор ёки йўқлиги борасида уламолар ўртасида турли фикрлар айтишган. Баъзи олимлар: “Қуръони каримда бирорта ҳам арабча бўлмаган (ажамий) сўз йўқ”, десалар, яна бир тоифа олимлар эса: “Қуръони каримда асли араб тили луғатида учрамайдиган, кейинчалик арабчалашган (“муъарраб”) сўзлар бор”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ва бошқа бир неча уламолар Қуръони каримда асли арабча бўлмаган сўзлар бор, дейдилар. Улар Қуръони каримдаги  سجيل  [сижжил] (Ҳуд, 82), اليم  [алямм] (Тоҳо, 39), مشكاة [мишкаат] (Нур, 35), طور [Тур] (Бақара, 63), استبرق [истабрақ] (Каҳф, 31), أباريق  [абаарийқ] (Воқеа, 18) ва яна бир неча сўзларни муъарраб сўзлар[1], дейишган.

Зухруф сурасининг 3-оятига асосан, имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва яна бир неча уламолар: «Қуръони каримда келган лафзларнинг барчаси арабчадир. Баъзи сўзлар асли арабий сўз эканлиги номаълум бўлгани учун улар ажамий сўзлар дейилмайди. Зеро, Қуръонда арабларнинг ўзи ҳам билмайдиган сўзлар бор. Араб тили жуда кенг ва сўзларга бой тилдир, унинг барча илмларини Пайғамбардан бошқа ҳеч ким қамраб ололмайди»[2], деганлар.

 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси Хайруллоҳ Нуриддинов тайёрлади.



[1] Абу Мансур Жаволиқий. “Ал-Муарраб минал каламил аъжамий ала ҳуруфил муъжам”. 5-бет.

[2] Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий. “Ар-Рисала”. 44-бет.