1. Мустақил мужтаҳидлар. Бу мужтаҳидда ижтиҳод шартлари мукаммал бўлиб, ўзи мустақил равишда усулул фиқҳни, яъни, фиқҳий қоидаларни тузади. Бундай мужтаҳидларга тўрт мазҳаб имомлари: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал киради.

2. Мустақил бўлмаган мужтаҳидлар. Бундай мужтаҳидда мустақил мужтаҳидда бўлгани каби ижтиҳод шартлари топилади, аммо ўзи фиқҳий қоидаларни тузмайди. Бу табақага мазҳаб имомларининг хос шогирдлари, масалан, ҳанафий мужтаҳидлардан имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад ва имом Зуфар; моликий мужтаҳидлардан имом Абдураҳмон ибн Қосим, имом Ашҳаб ибн Абдул Азиз Қайсий, имом Асад ибн Фурот Тунисий; шофеъий мужтаҳидлардан имом Юсуф ибн Яҳё Бувайтий ва имом Исмоил ибн Яҳё Музаний; ҳанбалий мужтаҳидлардан имом Абу Бакр Асрам ва имом Абу Бакр Маррузий киради. Бу мужтаҳидлар устозлари белгилаган (аниқлаган) фиқҳий қоидаларга мувофиқ шаръий далиллардан ҳукмлар чиқаришади. Шу билан бирга, баъзи фаръий ҳукмларда устозларига мухолиф бўлсалар-да, аслий қоидаларда уларга тақлид қилишади.

3. Тахриж фақиҳлари. Бу табақа фақиҳлар аслий ва фаръий масалаларда ўзининг мазҳаб имомига қарши бўлмайди, лекин янги масалаларни имоми тузган фиқҳ қоидаларига асосан ечади. Ҳанафий уламолардан Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий Мисрий, Абул Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусайн Карҳий, Ҳалвоний, Сарахсий, Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Паздавий ва Қозихон; моликий уламолардан Абраҳий ва Ибн Абу Зайд Қайрвоний; шофиъий уламолардан Абу Исҳоқ Шерозий, Марвазий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Абу Наср ва Ибн Ҳузайма; ҳанбалий уламолардан қози Абу Яъло ва қози Абу Али ибн Абу Мусо бу табақага мансуб ҳисобланишади.

4. Таржиҳ фақиҳлари. Бу табақадаги уламолар ўз маз­ҳаби имомининг сўзи билан бош­қанинг сўзи орасини ё имом айтган сўз билан имомнинг шогирдлари ёки бошқа мазҳаб имомлари айтган сўзлар орасини таржиҳ, яъни, ривоятларнинг бирини иккинчисидан афзал қўйишади. Бу табақага ҳанафий уламолардан Қудурий ва Бурҳониддин Марғиноний; моликий уламолардан аллома Ҳалил; шофиъий уламолардан имом Рофеъий ва имом Яҳё ибн Шараф Нававий Димашқий; ҳанбалий уламолардан Абул Ҳаттоб Маҳфуз ибн Аҳмад Калузоний Бағдодий ва "Ҳанбалий мазҳаби мунаққиҳи" (ҳанбалий фиқҳини қайта кўриб чиқиб, баъзи хатоларини тўғрилаган) қози Алоуддин Мирводийлар киради.

5. Фатво фақиҳлари. Бу табақадаги уламоларнинг вазифаси ўз мазҳабини ҳимоя қилиш, маълумотларини ке­йинги авлодга етказиш, аниқ ва ноаниқ масалаларни бир-биридан ажратиш ҳамда "энг кучли" (ақво), "кучли" (қавий), "кучсиз" (заиф), "эҳтимоли кўп" (рожиҳ) ва "эҳтимоли кам" (маржуҳ) каби маълумотларнинг ораларини фарқлашдир. Бу табақага кейинги (мутааххирин) ҳанафий уламолардан мўътабар тўрт китоб ("Мутун", "Канзуд дақоиқ", "Ад-дуррул мухтор", "Виқоя" ва "Мажмаъул анҳур") муаллифлари, шофиъий уламолардан имом Рамлий ва имом Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний киради.

 

Абдул Азим ЗИЁВУДДИН ўғли,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси