Амалдаги меҳнат қонунчилигига муво­фиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг* мажбуриятига киради.
Меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари Меҳнат Кодекси, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек, техник стандартлар билан белгиланади.
Иш берувчи меҳнат шартномасини тузишда ва бошқа ишга ўтказишда ходимни меҳнат шароитлари тўғрисида, жумладан, касб касалликлари ва бошқа хасталикларга чалиниш эҳтимоли, шу билан боғлиқ ҳолда унга (ходимга) бериладиган имтиёз ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари ҳақида хабардор қилиши керак.
Ходим ҳам ўз ўрнида меҳнатни муҳо­фаза қилиш нормаларига, қоида ва йўриқ­номаларига, маъмуриятнинг ишни бехатар олиб бориш ҳақидаги фармойишларига риоя қилиши, олинган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф соладиган ҳар қандай ҳолат ҳақида, шунингдек, иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида ўзининг бевосита раҳбарини (бригадири, устаси, участка бошлиғи ва бошқаларни) дарҳол хабардор қилиши шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилишда ходимларни вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиб туриш жиддий аҳамият касб этади. Жумладан, иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт; ўн саккиз ёшга тўлмаганлар; олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар; ногиронлар; меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек, транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар; озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар; умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.
Меҳнат шароити ноқулай ишлар, тиббий кўрикдан ўтилиши лозим бўлган бошқа ишларнинг рўйхати ва ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг тав­сияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.
Ходимларнинг меҳнатидан уларнинг соғлиғи ҳолатига тўғри келмайдиган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўл­майдилар.
Ходимларга техника хавфсизлиги, иш­лаб чиқариш санитарияси, ёнғин чиқиши­дан сақланиш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидалари ҳа­қида йўл-йўриқлар бериш ҳамда ходимларнинг меҳнат муҳофазаси барча талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориш иш берувчи зиммасидадир.
Иш берувчи ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишлар ташкил этиши ҳамда уларнинг бу борадаги билимларини текшириб туриши шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан, йўл-йўриқдан ўтмаган ва билимлари текширилмаган ходимларни ишга қўйиш тақиқланади.
Амалдаги қонун ҳужжат­ларига асосан қайд этилган меҳнат муҳофазаси шартларини етарли даражада бажармаган ёки бу талабларнинг бузилишига йўл қўйганларга нисбатан интизомий, моддий, маъмурий, ҳатто жиноий (ЖК, 257-модда) жавобгарлик чоралари қўлланиши мумкин.
Масалан, Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Маъмурий жавоб­гарлик тўғрисидаги Ко­декс­нинг 49-моддасига кўра, меҳ­нат ва меҳнатни муҳо­фаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабини буз­ган иш берувчи энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, шундай ҳолат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жаримага тортилади.
Энг асосийси, меҳнатни муҳофаза қилиш замирида ходимнинг ҳаёти ва соғлиги ҳимояси туришини унутмаслик лозим.
Мақола сўнгида диний идора тизимидаги вакилликлар, масжидлар ва мадрасалар раҳбарлари ҳам ходимлар меҳнати муҳофазасига, бу борада йўл-йўриқлар беришга ва уларни ўқитишга жиддий эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлаймиз.
Икромжон МАРДОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси