Лоҳаслик, эт увишиши, тез чарчаб қолиш, уйқу босиши, бош оғриши, мушак ҳамда бўғинларнинг зирқираши иммунитет сусайганининг илк белгиларидир. Тез-тез шамоллайверсангиз ёхуд лабингизга учуқ тошаверса, бепарво бўлманг. Иммунитети паст кишиларнинг териси шўралашадиган, юзининг ранги заҳил, тирноқлари мўрт, сочлари эса нурсиз бўлиб қолади. Тананинг ҳимоя кучи заифлашдими, демак, бошқа дардларга ҳам йўл очилади. 
Бундай ҳолларда шифобахш неъматларни мунтазам истеъмол қилиб туриш, тана қувватини ошишига сабабчи бўлади.
— 100 грамм наъматакни 1 литр қайнаган сувда 1 кун дамлаб қўйинг. Сўнг сузиб, эрталаб ва кечқурун ярим стакандан ичасиз. Бу дамлама чидамлиликни оширади.
— 100 грамм коҳу (салат) барглари, помидор ва булғор қалампирини тўғранг ва ўсимлик ёғи қўшиб, аралаштиринг. Ҳафтада 3-4 марта ана шу салатдан еб турсангиз, танани хилтлардан тозалашга ёрдам беради.
— Сачратқи (цикорий) илдизидан дамланган қаҳва асабни тинчлантиради, юрак фаолиятини яхшилайди ва иммунитетни кўтаради. Бундай ичимлик яллиғланиш ва микробларга қарши курашиш хусусиятига эга. Қаҳва тайёрлаш учун сачратқи илдизини ювиб, қуритинг ва духовкада жигарранг тусга киргунча қиздиринг. Кейин қаҳвамайдалагичда майдалаб, 1 чой қошиқ кукунни 1 стакан қайнаган сувга соласиз. Қайнаб чиққунча оловда турсин. Таъбга кўра шакар ва сут қўшинг.
— Бармоқ ҳажмидаги занжабил илдизини тозалаб, майда қирғичдан ўтказинг ва устидан 1 литр қайноқ сув қуйинг. Бир оз совиганидан кейин майда тўғралган лимон (пўстлоғи билан) ва таъбга кўра асал қўшинг.
— Уйқуга ётиш олдин 1 стакан илиқ сутга 10 томчи саримсоқ сувини аралаштириб, ичинг.
— Ўртача катталикдаги лимоннинг уруғларини олиб ташланг, пўсти билан гўштқиймалагичдан ўтказинг. Бунга 50 грамм баргакни ҳам қўшиб ўтказасиз. Ҳосил бўлган массага 200 грамм сариёғ ва 2 ош қошиқ асал аралаштиринг. Эрталаб ва кечқурун 1 чой қошиқдан қабул қиласиз. Бу шамоллаш мавсумида яхши фойда беради.
— 300 граммдан баргак, майиз, олхўри, ёнғоқ ва битта лимонни гўштқиймалагичдан чиқариб, унга 300 грамм асал қўшинг. Кунига 1 ош қошиқдан истеъмол қиласиз.
Райҳонли чой халқ табобатида совуқ мижозли кишиларга жигари ва томирларидаги тиқилмаларни очадиган дори сифатида ичирилган. Райҳонли чой балғам кўчиради, шунинг­дек, уни бўғимлар шамоллаганда, асабийлашганда сафро ҳайдовчи восита сифатида тавсия этилади.
Райҳонли чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 ош қошиқ қора ёки кўк чой, 7-10 дона райҳон барги солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5 дақиқа олов ёнида дам едирилади.
Аскорбат кислотага бой маҳсулотлар кўзларнинг соғлом бўлишида жуда муҳим. Танани ушбу фойдали витаминлар билан таъминлаш учун, айниқса, қора қорағат (смородина) тавсия этилади. 
Бодом, ёнғоқ таркибида витамин В1 (тиамин) бўлиб, у нерв тўқималари ҳолатини яхшилашга ёрдам беради. 
Гўшт, тухум, сут маҳсулотлари  таркибида витамин В12 (цианкобаламин) кўп бўлиб, улар танада оқсил алмашинувида фаол иштирок этади. 
Кўриш қобилиятини тик­лашда каротин (витамин А) анъанавий восита ҳисобланади. У қизил ва сариқ сабзавот ва меваларнинг ҳаммасида мавжуд. Шунингдек, витамин А жигар, тухум, сариёғда кўп. Кўриш қобилияти сусайганда 1 стакандан сабзили коктейль ичиб туринг. Сабзи сувини (3 ҳисса) петрушка барги суви (1 ҳисса) билан аралаштириб, овқатланишдан олдин истеъмол қилсангиз бўлади.
Шивит, исмалоқ, петрушка, сельдерей, бодринг ва лавлаги, сачратқи (цикорий)ларнинг шарбатлари ҳам кўз учун фойдали ҳисобланади.
 
Дилфуза РАҲИМЖОН қизи 
тайёрлади