“Кўкалдош” мадрасаси Шарқ меъморлигининг гўзал намунаси, Тошкентнинг қадим илм бешиги сифатида ҳам жуда қадрлидир.
Муҳаммад Солиҳхўжа Тошқандий “Тарихи жадиди Тошқанд” китобида “Кўкалдош” мадрасасини Тошкент ҳокими Дарвешхон қурдирганини ёзади ва уни “Дарвешхон мадрасаси” деб ҳам атайди. 1569–1570 йиллари ёзилган вақфномаларда мадраса айнан шу даврда битказилиб, ишга тушгани баён этилган.
Ривоят қилишларича, мадраса маёқ вазифасини ҳам бажарган. Савдо карвонлари сайёҳлар, мусофирлар ҳаво булут, қоронғу кечаларда “Кўкалдош” мадрасаси чироқларига қараб, йўлларини тўғрилаб олишаркан.
“Кўкалдош” мадрасаси дастлаб қурилганида уч қаватдан иборат бўлган. Дарвозадан кираверишда чапда масжид, ўнгда дарсхона жойлашган. Масжид ва дарсхонанинг, ўзаро кесишган равоқларнинг устида ички ва ташқи гумбазлар тикланган. Пештоқ сиркор парчин ва жилва нақшлар билан безатилган. 1830–1831 йилларда Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбегининг даврида дарсхона ва масжид ўнгидаги нураб, тўкила бошлаган зангори гумбазлари ва учинчи қаватнинг ғиштлари кўчириб олиниб, “Чорсу” бозорининг юқори қисмида қурилган, ҳозирги кунда бузилиб кетган Бегларбеги мадрасасининг қурилишида ишлатилган. Мадраса ва унинг ёнидаги “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжиди 1865 йилги чоризм босқинида қаттиқ шикастланади. Вақт ўтиши билан ўзаро урушлар, кучли зилзилалар, бинолардан турли мақсадларда фойдаланилиши, мадрасанинг дастлабки ҳақиқий гўзаллигини, муҳташамлигини аста-секин емириб борган. Айниқса, коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги даврида мадраса биноси умуман қаровсиз қолиб кетган эди: хоналаридан омборхона, ётоқхона, устахона сифатида фойдаланиларди.
Мазкур кўҳна билим даргоҳида кўплаб олиму фузалолар дарс берганлар, таҳсил олганлар. XVI асрда Тошкентда ишлаб турган “Хожа Аҳрор Валий” жомеи, “Бароқхон” ва “Кўкалдош” мадрасаларида замонасининг машҳур олимларидан Шамсиддин Муҳаммад Куртий, Хожа Юсуф Қошғарий дарс берганлар. Ўзбек мумтоз адабиёти намояндаси Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ҳар гал Тошкентга келганида (1880–1890) “Кўкалдош” мадрасасида истиқомат қилган. 1889–1891 йиллар мобайнида Тошкентда яшаган машҳур шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳам ушбу мадрасада таълим олган ва ижод билан шуғулланган. Машҳур уламоларимиздан Сайид Маҳмуд Тарозий, Олтинхон Тўра, Юнус Мақсудий ва Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ҳам XX аср бошларида “Кўкалдош”да таҳсил олишган.
1999 йил 18 августда “Кўкалдош” Тошкент ислом ўрта-махсус билим юрти деб номланди. Билим юрти 1999 йил 1 ноябрдан расмий фаолият кўрсата бошлади. Ҳозирги кунда билим юртида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, сарф, наҳв, ақоид, мутолаа каби диний илмлар билан бир қаторда, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жуғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информатика ва бошқа дунёвий фанлар ҳам ўқитилади, бу ишга малакали мутахассислар жалб этилган. Мударрисларнинг барчаси олий маълумотли.
Билим даргоҳи талабалари ўқишда ва жамоа ишларида ҳар доим фаол.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ўтказилган “Ягона фан олимпиадаси – 2015” кўрик танловида 4-курс талабаси Сардорхўжа Расулхўжаев фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, Тошкент ислом институтига грант асосида қабул қилинди.
2015 йил 5–6 май кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ўрта махсус ислом билим юртлари ўртасида ўтказилган “Баркамол авлод – 2015” спорт мусобақасида спортнинг кураш тури бўйича билим юртининг 2-курс талабаси Аҳмад Икромов олтин, шахмат тури бўйича 3-курс талабаси Достон Ҳасанов кумуш ва тош кўтариш бўйича 3-курс талабаси Маҳмуджон Эшонов бронза медали билан тақдирланди. Мадраса умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. 
Мадрасанинг диний ва дунёвий адабиётлар, шунингдек, доимий янгиланиб борувчи газета ва журналлар жавони билан таъминланган Ахборот ресурс маркази устоз ва талабалар хизматида. Кутубхонада жами 7605 та китоб бор, улардан 3950 таси махсус фанлар дарсликлари, 1310 таси умумтаълим фанлари дарсликлари, 1100 таси араб тилидаги илмий адабиётлар, 820 таси бадиий китоблар ва 425 таси илмий-оммабоп нашрлардир.
Талабаларга мутахассисликдан ташқари, наққошлик, сартарошлик, ошпазлик каби қўшимча касб-ҳунарлар ҳам ўргатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳнамолигида 2013 йили “Назарбек” талабалар турар жойи таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур турар жойда билим юрти талабалари истиқомат қилиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, шинам ётоқхоналар, замонавий усулдаги ошхона, компьютер хонаси, маънавият хонаси талабаларнинг яхши дам олиб, самарали ўқишлари учун қулайдир.
“Кўкалдош” ўрта-махсус Ислом билим юрти мударрисларининг бутун саъй-ҳаракати ёшларни имон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, аждодларимизнинг бой маънавий меросларини чуқур ўрганган ва замонавий тафаккурга эга комил инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш йўлида хизмат қилувчи замонавий етук кадрлар тайёрлашга қаратилгандир.
Муҳаммад СИДДИҚ
тайёрлади.