Ҳозир жаҳон ҳамжамияти масжидлар, мадрасалар ва исломий ташкилотларда учрайдиган ҳилол, яъни янги чиққан ой шаклини мусулмонларга хос рамз сифатида эътироф этишади. Ушбу рамзнинг Ислом оламида ўзига хос белги сифатида қўлланиш тарихига назар ташласак, турли қарашлар ва фикр­ларнинг гувоҳи бўламиз.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг изни билан ойни иккига бўлганлари ҳадис китобларида келтирилади. Баъзилар ҳилол рамзи пайдо бўлишини ушбу воқеага боғлашади. Лекин XV асргача қурилган меъморий обидаларда бу рамз қўлланилмагани бу қарашнинг ҳақиқатга яқин эмаслигини кўрсатади.
Шунингдек, ҳилол рамзининг амалга киритилиши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратлари билан боғлиқ, чунки ўша тун Макка осмонида худди шундай янги ой балқиб турган эди, деган қараш ҳам бор.
Яна бир ёндашувга кўра, ҳилол рамзи Истанбул фатҳи (1453 й.) билан боғлиқ.
Ушбу фатҳдан сўнг қурилган масжид миноралари тепасига ҳилол рамзини ўрнатиш жорий бўлади. Кейинчалик бу рамзни бошқа юртлар меъморлари ҳам масжид ва мадрасалар қурилишида қўллай бошлашади.
Малайзия халқаро ислом университети профессори Аммор Фазл бундай дейди: “Ҳилол рамзи деярли барча масжид ва мадрасалар тепасида пайдо бўла бошлади. Кейинчалик, узоқ ўлкаларда қиблани белгилаш муаммо бўлгани боис уламолар масжид, мадраса ва идоралар гумбазидаги ҳилолнинг учли қирраларини қибла томонга қаратиб қўйишга келишишади. Бегона юртдан келган мусофир ушбу рамзни кўргач, қибла қайси томонда эканини хонақоҳга кирмасдан билиб оладиган бўлди.
Аллоҳ таолонинг ҳар нарсадан улуғ ва олийлигини ифодалаш учун олимлар Масжид-ул Ҳаром тепасидаги ҳилол қирраларини юқорига қаратишга қарор қилишди”.
 
Дин ишлари бўйича қўмита 
Таълим бўлими ходими 
Элёр Алимқулов
тайёрлади.