“Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан” (Тин, 1).
Анжирнинг инсон соғлиги учун катта фойдаси борлиги олимлар томонидан исботланган. Сўнгги 15 йил ичида олиб борилган тадқиқотларда анжирдаги толалар ҳазм қилиш тизимининг мунтазам ишлаши учун жуда муҳим эканлиги аниқланди. Шу сабабли парҳезшунослар уни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этадилар.
Калифорния олимларининг фикрига кўра, мева ва сабзавотлардаги антиоксидловчилар инсонларни қатор касалликлардан ҳимоя қилар экан. Антиоксидловчилар танада юзага келадиган ёки ташқаридан орттирилган зарарли моддалар таъсирини йўқотади ва шу тариқа ҳужайралар бузилишининг олдини олади. 
Нью Жерси штатининг Рутгерс университети олимлари қуритилган анжирда мавжуд бўлган ёғ кислоталари холестеринни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини аниқлаганлар. 
Анжир ҳар қандай махсус парҳез таомлар қаторидан жой олиши мумкин. Анжир ортиқча вазндан халос бўлиш­да катта ёрдам беради. 
Анжир узоқ давом этган касалдан тузалган беморларга куч ва қувват берувчи ҳисоб­ланади. У чарчоқни бартараф қилади. Шунингдек, у йўтал ва шамоллашни даволашда ҳам тавсия этилади.
 
Дилфуза РАҲИМЖОН қизи
тайёрлади.