Бразилия ўлкасига Ислом дини турли йўсинда тарқалгани ҳақида маълумотлар бор. Археологлар топган икки минг йилдан ошиқ тарихга оид манбалар бу ерларга мусулмонлар қадим замонларда келганини англатади. 
1910 йилга келиб мамлакатда истиқомат қилаётган мусулмонлар сони юз минг нафарга етгани эътироф этилади. Кейинчалик Сурия, Иордания ва Ливан каби араб давлатларидан келган муҳожирлар мусулмонлар сафини янада кенгайтиради. 
1929 йили илк Сан Пауло мусулмонлар хайрия уюшмаси ташкил этилади. 1956 йили эса бутун Жанубий Америкада биринчи жоме масжид барпо қилинади. Кейинчалик Куритиба, Паранагуа, Рио да Жанейро ва Бразилия шаҳарларида ҳам мусулмонларнинг турли уюшмалари ўз фаолиятини бошлади. Айниқса, Сан Пауло ва Рио да Жанейро шаҳарларида Ислом динига қизиқиш ортиб боради.
Бразилиялик мусулмонларнинг қирқ фоизи Сан Паулода истиқомат қилади. Диний идора маркази ҳам ана шу ерда жойлашган. Ислом маданияти маркази мутахассисларининг тахминларига кўра, бу ерда мусулмон аҳолининг сони икки миллионга етган.
Бразилия мусулмонларининг муаммоларидан бири Қуръони карим, ҳадиси шариф, ақоид, тафсир ва Ислом тарихига оид фанларни ўрганишлари учун ҳануз португал тилидаги адабиётлар етишмаслигидир. Лотин Америкасининг ярмидан кўпи испан тилида сўзлашса-да, айнан Бразилияда португал тилини она тили деб билишади.
Умуман олганда маҳаллий мусулмонларнинг бемалол, эмин-эркин ибодат қилишлари учун қулай шароитлар яратил­япти, янги масжид ва ўқув даргоҳлари барпо этиляпти. 
Ҳозирда мамлакатда “Куяба”, “Фос ду-Игуасу” ва “Кампинасе” каби масжидлар барпо этилди. Ҳар йили ҳаж ва умра мавсумларида минглаб зиёратчилар муборак сафарни амалга оширишлари учун керакли шароитлар яратиб бериляпти.
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.