Узум Қуръони каримда шундай зикр этилган: “Сўнгра Биз сизлар учун у (сув) билан хурмо ва узум боғларини пайдо қилдик. Сизлар учун у (боғ)ларда кўп мевалар бор ва сизлар улардан ейсиз” (Муъминун, 19).
Узум ошқозон, жигар, буйрак касаллиги билан оғриган беморлар учун кони фойда. Унинг қуритилгани – майиз юрак қон томирлари касаллигини даволашда муҳим восита бўлиб, мия фаолиятини яхшилайди. Унинг таркибида 20 % қанд ва 55 % сахароза, 90 мг каротин, 13 мг никотин ва ошловчи моддалар ҳамда 2,5% атрофида органик кислоталар ва В, С витаминлари бор.
 Узум танага қувват бағишлайди, семиртиради, қонни кўпайтиради. Абу Али ибн Сино узум ва унинг майизини ичак, буйрак ва қовуқ касалликларини, баргини эса бош оғриғи, кўз, қулоқ шамоллашини даволашда фойдаланган. Поя ва шохларининг кули билан тери касалликларини даволаган.
Халқ табобатида ток новдаларидан олинган шира кўз касалликларини, баргидан тайёрланган дамламалари эса бод хасталигини, томоқ оғриғи ва тери жароҳатларини даволашда тавсия этилган. 
Кузда ток кесилганида оқиб чиқадиган суви, яъни токни “кўз ёши” буйракдаги тошни майдалашда ва сўгалларни йўқотишда ёрдам беради. Замонавий табобатда узум мевасидан юрак, ўпка, буйрак   касалликларини даволашда фойдаланилади. 
Қандли диабет ва асаб касалликларида майиз қайнатмаси жуда қўл келади. Бунда 100 гр майиз янчилиб, устига 200 гр сув қуйилади. Сўнгра  10 дақиқа қайнатилиб, совугач сузиб олиниб, овқатдан олдин ичилади.
Узум майизи сурункали истеъмол қилинса, кўз нури  равшанлашади. 
 
                    Зебо ОМОНОВА тайёрлади.