Анор нафақат дастурхонимиз кўрки, балки кўнглимизни хушловчи  шифобахш неъматдир. Айниқса, унинг нордон доначалари безгак хуружида ва меъда яллиғланишида катта наф берувчи омил сифатида қўлланилади. Нордон анорнинг пўсти, айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун дори бўлиб, уруғи асал билан бирга тиш ва қулоқ оғриғига фойда келтиради.
Анор йўтални тўхтатади, талоқ касалликлари, юракнинг бежо уришида ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, юз терисини тиниқлаштиради.
Халқ табобатида анор пўстлоғи ва гули ичбуруғ, сариқ касалликларига даво сифатида қўлланилади. 
Замонавий тиббиётда анор меваси ва унинг шарбати оғир хасталикларни бошидан кечирган кишиларга дармондори сифатида тавсия этилади.
Уй шароитида анор пўстлоғидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган чинни ёки сирланган идишга 200 грамм сув ва бир чой қошиқ майдаланган мева пўсти солиниб, 15 дақиқа давомида қайнатилади. Қайнатма 2 соат давомида тиндириб қўйилгач, сузиб олинади. Ундан кунига овқатдан олдин уч марта бир ош қошиқдан ичилади.
Анорнинг янги сиқиб олинган шарбати эса қонни тозалайди. Бироқ  анор шарбатини гастрит (меъда яллиғланиши), геморрой (бавосил) ва меъда шираси нордонлигининг ортиб кетишида истеъмол қилиш мумкин эмас.
Оғриган томоқни анор шарбати билан чайиш ва шарбатни озгина асал билан истеъмол қилиш дарддан фориғ бўлишингизда ёрдам беради.
Огайо университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида анорни доимий равишда истеъмол қилиш кўкрак бези саратони хавфини сезиларли равишда камайтириши аниқланди. 
 
                    Зебо ОМОНОВА тайёрлади.