Мустақиллигимиз шарофати билан 1992 йили очилган «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти ҳали қурилиши тугалланмаган ўн саккиз хонали бинода фаолият бошлаган эди.
Мадрасамизга XX асрнинг бошларида яшаб ўтган Андижоннинг Жалабек қишлоғи Найзақайрағоч маҳалласида (тахминан 1874–75-йилларда) туғилган, ўз даврида Андижон вилоятининг қозиси, Эски шаҳардаги “Жомеъ” мадрасасининг бош мударриси бўлган аллома Саййид Муҳйиддин махдум номи берилган.
1993 йилда 13 та ўқув хона ва 13 та ётоқхона – жами 26 хонадан иборат ­2 қават­ли бино ҳашар йўли билан қуриб битказилди. 1996 йил талабалар учун 500 ўринли масжид барпо этилди. 2004 йили билим юрти учун 3 қаватли замонавий ва шарқона услубдаги бино қурилиши ниҳоясига етказилиб, ишга туширилиши натижасида таълим даргоҳи кенг ва ёруғ ўқув хоналарига эга бўлди.
Ҳозир мадрасамизда талабалар учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган 14 та ўқув хонаси ҳамда 32 хонадан иборат ётоқхона улар хизматида. Шунингдек, мадрасамизда замонавий компьютер хонаси, араб ва инглиз тилларини мукаммал ўргатиш учун лингафон кабинетлари, турли тадбир ва давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун қулай шароитлар бор.
Талабалар дарсдан бўш вақтларида бас­кетбол, волейбол, футбол, стол тенниси, оғир атлетика каби спорт турлари билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар яратилган.
Мадрасамизда маънавий озуқа олиш манбаи бўлган 800 номда 14.000 дан зиёд китоб ҳамда ички ўқув залига эга ахборот ресурс маркази мавжуд.
Талабалар информатика, физика, математика, биология, она тили каби умумтаълим ҳамда тажвид, тафсир, ҳадис, фиқҳ, муҳовара, наҳв каби мутахассислик фанларидан таълим олишмоқда. Ўқув юртига олий маълумотли, тажрибали педагог-мударрислар жалб этилган.
Устозлар орасида фидойи инсонларнинг борлиги ҳар тарафлама етук, кенг дунёқарашга эга бўлган мутахассислар етишиб чиқишида асосий омил бўлмоқда.
Билим юрти мударрислари муаллифлигида ёзилган  нотиқлик фанига доир “Хатоба” китобидан юртимизнинг барча мадрасаларида ўқув қўлланма сифатида фойдаланиляпти. Шунингдек, мударрислар томонидан турли фанларга оид ўндан зиёд ўқув қўлланмалари ёзилган.
Билим юртимиз мударрислари оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз чиқишлари билан фаол иштирок этишмоқда. Вилоятимизнинг таълим муассасаларида, маҳалла фуқаролари йиғинларида, турли долзарб мавзуларда ўтказилган давра суҳбатларида фаол қатнашмоқдалар.
Ҳозирги вақтга қадар таълим масканини саккиз юздан ортиқ талаба битирган. Битирувчиларимиз ҳозир Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида масъул вазифаларда хизмат қилишяпти. Кўпчилиги ўз билимларини ошириш мақсадида бошқа олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирмоқда.
Талабаларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ўртасида ўтказиб келинаётган “Ягона олимпиада”, “Қорилар мусобақаси”, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларида ҳам фаол қатнашиб, фахр­ли ўринларни эгаллашмоқда. Бутун жаҳон қорилари иштирокида ташкил қилинган Қуръон мусобақаларида ҳам фаол иштирок этишяпти.
 
Нурилла ҚОДИРОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта 
махсус ислом билим юрти мудири