Машҳур Қоҳира музейининг пайдо бўлишига икки киши сабабчи бўлган. Биринчиси – ХIХ асрда Мисрда ҳукмронлик қилган Муҳаммад Али. Унинг 1835 йилда қабул қилган мамлакатдан қадимий буюмларни олиб чиқишни тақиқлаш ҳақидаги қарори музей пайдо бўлишига замин яратган. Иккинчиси – 1850 йилда бу юртга тарихий анжомларни харид қилиш учун келган Огюст Мариетт исмли француз олимидир. Сирли диёр олимни шу даражада ром этдики, ташрифидан мақсадини ҳам унутиб, Саккар ҳудудида изланишни бошлаб юборади. У топил­диқларни Нил дарёси бў­йидаги Булоқ даҳасида жойлашган ўз уйига жамлай бошлайди. Тарихий ашёлар, жумладан, тилла буюмлар сони ортиб боргани сайин уйи торлик қилиб қолди. Бундан ташқари, уйини Нил оқизиб кетиши хавфи ҳам бор эди. Йиллар ўтиб олим ҳалол меҳнати ва садоқати туфайли Миср халқи эъзозига сазовор бўлди ва ҳукумат унга “Пошо” унвонини берди. 1881 йилда олим ҳаётдан кўз юмди ва музейга айланган “Булоқ” номли уйига дафн этилди. Орадан 10 йил ўтиб, музей Гизага – Исмоил подшоҳнинг эски қароргоҳига кўчирилди. Музейнинг янги биноси 1902 йилда Қоҳира шаҳрида бунёд этилади. 
Қоҳира музейи икки қаватдан иборат бўлиб, юздан ортиқ кўргазма залларида қадимий Миср тарихига оид бир юз эллик минг дона экспонат ва ўттиз мингдан зиёд турли буюмлар – жуда ноёб тарихий обидалар жамланган. Осори атиқалар ўзига хос тартибда жойлаштирилган, биринчи қаватдан Юнон–Румгача бўлган даврнинг оҳак ва гранитли ҳайкалтарошлик ишлари ўрин олган. Ноёб осори атиқа бу – эрамиздан аввалги 1045–994 йилларда Миср подшоҳи бўлган Псусеннес I даврига тегиш­ли яшил тилла ва кумушли нодир буюмлардир. 
Ислом маданияти ва санъати залига араб ҳунармандлари яратган ёғоч ўймакорлик буюмлари, тангалар, қуроллар, қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, гўзал матолар, кулолчилик санъати намуналари ва ипакдан тўқилган гиламлар жойлаштирилган. Залнинг ўнг тарафидан Қуръони карим, унинг тафсирлари, кийик терисига кўчирилган хаттотлик намуналари жой олган. Бу мас­кандаги X–XII асрга оид фотимийларнинг осори-атиқалари ҳам музейнинг нодир дурдоналаридир.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.