Саримсоқпиёз энг кучли табиий антибиотик ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида ҳам бактериялар, ҳам вирусларни йўқ қилишда ишлатилиши мумкин. Айниқса, сутда чала пиширилган саримсоқпиёзга сариёғ ва асал солиб ичилса, қуруқ йўтал хуружини йўқ қилади. Шунингдек, у қон босимини туширишда ҳам фойдали. 
Ҳозирги даврда сарим­соқ­пиёзнинг антибактериал хусусияти 23 хил турдаги бактерияларда синаб кўрилган. У стафилококк, стрептококк, сальмонеллёз, ич терлама ва паратиф касал­лиги бак­те­рия­ларини, бўғма та­ёқ­­­ча­сини ўлдириб, сил таёқчасининг ривожланишини секинлаштиради. Меъда-ичак тизими яра касалликларида хом саримсоқпиёз истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Аммо меъда яраси ривожланишига сабабчи бўладиган бактерияни даволашда самарали таъсир кўрсатганлиги сабабли бундай беморлар сарим­соқпиёзни чала пишириб истеъмол қилиши мумкин.
Саримсоқ қайнатмаси бўғил­ган овозни очади. Оғиз чайқалса, тиш оғриғи тўхтайди, сурункали йўтал ва астмага ҳам даводир. Қорин дам бўлганида  у зайтун билан қайнатиб ичилади. Нафас йўллари шамоллашида, нафас қисишида, безгак, ичбуруғ касалликларида ишлатилади. Саримсоқ қон томирларини кенгайтириш билан бирга организмни юқумли касаллик­лардан муҳофаза қилишда катта аҳамиятга эга.
Cаримсоқ қулоқ, томоқ оғриғида, мигрень, гипертония, дизентерия, юрак инфаркти, гепатит, ларингит, бронхиал астма, кўк йўтални даволашда истеъмол қилинади. 
 Саримсоқни анжир барги ва зира суви билан қўшиб илон ва қовоқари чаққан жойга қўйилса, фойда қилади. Бундан ташқари, саримсоқ соч тўкилишини олдини олишда ҳам фойдали. Шунингдек, майдалаб эзилган саримсоқни  докага ўраб ярага  боғлаб қў­йилса, уч-тўрт кундан сўнг яра йиринглардан тозаланиб, бита бошлайди .
Илмий тиббиётда саримсоқ­пиёздан тайёрланган дори воситалари (настойка, аллисат, аллифид) ичак фаолияти заифлашганда, гипертония касаллигида  даво сифатида қўлланилади. Қадимги юнон файласуфи Пифагорнинг ёзишича, сарим­соқ барча сабзавотларнинг қиролидир. Диоскирид уни заҳар тафтини оладиган энг кучли восита сифатида қўллаган бўлса, Арасту  қутуришга қарши фойдаланишни тавсия этган. Гиппократ саримсоқни пешоб ҳайдовчи ва балғам кўчирувчи дори сифатида ишлатган.
 
Интернет материаллари асосида 
Зебо ОМОНОВА 
тайёрлади.