Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида “ақл” сўзи зикр қилинади: «...Бас, эй ақл эгалари! (Улардан) ибрат олингиз!» (Ҳашр, 2). «...Албатта, бунда ақл эгалари учун аломатлар бор» (Тоҳо, 54). «...Ақлни ишлатмайсизми?!» (Бақара, 44).
Ақл ўзи нима? Унинг моҳияти нимадан иборат? Ақлнинг чегараси ва миқдори қанча? Ақл афзалми ёки илм? Ақл ҳақида билишимиз зарур маълумотларни мухтасар шаклда баён қиламиз.
Аҳли сунна вал жамоа наздида, инсонлар ақллари жиҳатидан бир-бирларидан фарқ қилади. Ақл кўпайиб ва камайиб турадиган хилқатдир. Ёш болалар тушунчалари шакл­ланиб, балоғатга етсалар, уларда ақл пайдо бўлади. Ҳаким Термизий “Маърифатул асрор” асарида ёзишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ақл ҳақида бундай деганлар: «Аллоҳ таоло ақлни яратгач, унга: “Олдинга юр!” деди. Ақл олдинга юрди. Сўнг: “Ортингга қайт!” деб амр қилди. У ортига қайтди. Кейин унга: “Ўтир!” деди. Ақл ўтирди. Сўнгра: “Ўрнингдан тур!” деди, ақл ўрнидан турди. Кейин унга: “Сўзла!” деди. Ақл гапирди. Шунда Аллоҳ таоло ақлга бундай хитоб қилди: “Сени кимларга берган бўлсам, уларга яхшилик (жаннат) бўлсин! Сен сабаб неъмат бераман ва сен сабаб азоблайман. Сен сабаб Менга тоат-ибодат қилинади. Сен сабаб савоб бераман ва (ё) азоблайман”».
Абу Шакур Солимий Кеший “Ат-Тамҳид фий баёнит тавҳид” асарида мазкур ҳадиси шарифни бироз фарқли лафзлар билан келтирган. Матнда ушбу қўшимчалар бор: «...Шунда Аллоҳ таоло марҳамат айлади: “Иззатим, жалолим ва улуғлигимга қасамки, сендан кўра мукаррамроқ бирор махлуқ яратмадим. Сен туфайли Менга ибодат қилингай, сен боис Мени танигайлар, сен туфайли Менга ҳамд айтилур, сен сабаб жазолайман ва неъмат ато қиламан ҳамда сен сабабли савоб бераман ва азоблайман”».
Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, инсонга ато қилинган энг бебаҳо неъматларнинг биринчиси ақлдир. Бу улуғ неъматни бергани учун Яратганга ҳар қанча шукр қилсак, оздир.
Ақлнинг моҳияти ҳақида қисқача бундай дейилган: “Ақл яхши билан ёмон ўртасини ажратиш, зийраклик, тўғри ҳаёт кечириш ва фаросатли бўлишдир. Банда ақли борлиги сабаб шаръий ҳукмларга масъулдир” (Имом Ашъарий).
Ақлнинг ўрни ҳақида уламоларнинг қарашлари турлича. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га кўра, ақл бош мияда жойлашган. Бунга Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу муборак ҳадиси шарифлари далилдир: “Қовоқ (ошқовоқ) бош мияга фойдали, бош мия эса ақлни кўпайтиради”.
Баъзи уламолар: “Ақл қалбдан бошланади”, дейишган. Зеро, кўриш, назар қилиш ва далил келтириш тафаккур билан бўлади. Тафаккурнинг ўрни эса қалбдир. Тафаккур ҳам ақлнинг самарасидир. Бош мия ҳам ақл сабаб ёришади. Ақл инсонга қалб ва бош мия билан бирга фойда беради.
Баъзилар: “Илм ақлдан афзал” дейишса, баъзилар “Ақл илмдан афзалдир”, дейишади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг “Ақл афзалдир” дегани нақл қилинган. Чунки илм ақлга муҳтож, ақл эса илмга муҳтож эмас.
 
Манбалар асосида
Баҳриддин УМУРЗОҚОВ тайёрлади.