Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) (2011 йилгача Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) 1969 йил 25 сентябрда Работда ўтказилган мусулмон мамлакатлари раҳбарлари анжуманида ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси мусулмон мамлакатларининг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий соҳада ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ҳисобланади. Аъзо давлатларнинг ривожланаётган мамлакатлар сафига кўтарилишига кўмаклашиш ҳам ташкилотнинг бош мақсадларидан.
Ташкилотнинг бош қарор­гоҳи Жидда шаҳрида. Ислом ҳамкорлик ташкилоти БМТ дан кейин дунёдаги энг йирик ва катта таъсир кучига эга расмий халқаро ташкилотдир. Ташкилотнинг олий ижро органи Бош котибият ҳисобланади. Унинг Бош котиби аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг умумий йиғилишида 4 йил муддатга сайланади. Бош котиб ваколати бир марта узайтирилиши мумкин. Ҳозирги кунда ушбу ИҲТга аҳолиси деярли бир ярим миллиард киши бўлган 57 та давлат аъзо. Ташкилот доирасида ҳукуматлар раҳбарларининг уч йилда бир марта учрашуви ўтказилиб, мусулмон мамлакатларининг умумий сиёсий масалалари белгиланади. Ташқи ишлар вазирларининг халқаро анжумани эса ҳар йили ўтказилади. Фавқулодда муҳим масалаларни кўриб чиқиш учун йиғилишга эҳтиёж бўлса, нав­батдан ташқари анжуманлар ташкил қилинади.
2008 йилнинг март ойи­да Сенегалнинг Дакар шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги Саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг янги Низоми тасдиқланди. 2011 йил 28–29 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган Саммитда ташкилот номи “Ислом ҳамкорлик ташкилоти” деб ўзгартирилди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошида Бош котиб томонидан назорат қилинадиган бир нечта ташкилотлар фаолият юритади. Улардан баъзилари қуйидагилардир: Ислом тараққиёт банки; Исломий хабарлар агентлиги; Исломий теле-радио хизмат; Иқтисодий-маданий масалалар бўйича Ислом комиссияси; Фан ва техникани ривожлантириш Ислом жамғармаси; Ислом санъати ва маданиятини ўрганиш маркази; Савдо-саноат палатаси; Ислом пойтахтлари уюшмаси; Статистика, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий изланишлар ташкилоти; Эвазсиз қарз бериш Ислом уюшмаси;
Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йил 2 октябрда қабул қилинганидан бери унинг серқирра фаолияти ва тадбирларида фаол иштирок этиб, жаҳонда ИҲТнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
2016 йилда Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилади.
 
Сардор ХУДОЁРОВ,
Тошкент ислом иснтитути
4-курс талабаси