Ҳозирги вақтда дунё бўйича икки юз элликдан зиёд от зотлари мавжуд. Шундан элликдан ортиқроғи МДҲ мамлакатларида ва саккизтаси Ўзбекистон ҳудудидадир.
Отнинг яралишида диққат этишга молик бир неча хусусиятлар бор. Аввало,  у кўникишга мойил, закий ва табиатан инсонга яқин ҳайвон. Ўтмишда зебраларни хонакилаштириб фойдаланмоқчи бўлганлар буни уддалай олмаган эканлар. Чунки зебралар ёввойи ҳайвон, одамлар орасига кирган заҳоти ҳуркиб, ўзини ҳар тарафга ура бош­лайди. От эса эгасига ўрганади ва ҳатто жанг майдони каби қўрқинчли, шиддатли ва сершовқин жойларда ҳам инсонга хизмат қилишда давом этади. Бу эса унинг инсон амрига бўйсуниш учун яратилганидан далолат беради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл, 8).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир ҳадиси шарифда айтдилар: «Ҳеч бир арабий от йўқдирки, ҳар саҳар вақтида ушбу калималар ила дуо этмоғига изн берилмасин: “Ё Раббий! Мени Одам боласидан Ўзинг истаганингга бердинг, унинг моли қилдинг. Шундай экан, мени унинг энг севикли моли, энг севикли аҳли қилгин» (Имом Насоий ривояти).
Ҳақиқатан, от ўз эгасини севади, унинг эътиборини қозонмоқ учун астойдил хизмат қилади. Баъзан эгасининг истаганини бажариш учун ўзини қийнайди ҳам. Оёқларининг мадори қуриб, йиқилгунича югуради. Ҳолбуки, истаса, эгасини устидан улоқтириб, оёқлари билан топтаб ташлашга кучи етади. Аммо бундай қилмасдан, итоат билан хизматда давом этади.
От тана тузилишида бошқа ҳайвонлардан бир неча мўъжизавий устунликларга эга. Масалан, соғлом отнинг юраги бир дақиқада 200 мартадан кўп уради. Ҳар бир уришда вужудидаги қоннинг чорак қисмини айлантиради.
От бир неча кун оёқда тик қола олади, ҳатто тик турган ҳолда ухлайди ҳам. Ухлаганда ҳеч қачон йиқилиб тушмаслигининг сабаби ундаги оёқ мушакларининг қулфланиш хусусиятидир.  
Олдинги оёқларини умуртқа поғонасига боғлайдиган кўп­рик суяги йўқлиги сабабли, от жуда катта қадам ташлай олади. Унинг ўрнига умуртқага бир неча тўқималар билан боғланган. Бу боғланиш уларнинг жуда ҳам эпчил бўлишини таъминлайди.
Отнинг оёқларидаги яна бир хусусият – тезлик ошган сайин энергияни сақлайдиган суяк-мушак механизмига эга экани. От катта тезликда елиб бораркан, тўрт оёғини баробар ердан узганда, гўёки учаётганга ўхшайди. Шунингдек, оёқ суякларининг тузилишида устидаги юк оғирлигини суягининг ҳар тарафига тарқатадиган хусусияти бор. Шу сабабли от устидаги юк оғир бўлса-да, югуриб кетаверади, тўсиқлардан ҳатлаб ўтади.
Бу жониворнинг туёқлари ҳам мукаммал яратилган. Қаттиқ ва қалин туёқлари тупроқнинг иссиқлиги ва совуқлигини танага ўтказмайди. Шу боис от иссиқ тошларда ва яхмалак қор устида бемалол юраверади.
От – суворийнинг энг яхши ёрдамчиси. Чунки унинг кўзлари бошининг икки ёнида бўлгани боис гавдасининг икки тарафини ҳам кўра олади. Икки кўз бир-биридан айро ҳолда ҳаракат этиб, ҳар тарафни бир вақтда кўради. Суворийси фақат олд тарафдан келган хатарни кўраркан, от икки ёнидан ва орқасидан яқинлашган хатардан эгасини хабардор қилади. От кечалари ҳам яхши кўриши ва узоқлардан эгасини топиб келгани кузатилган.  
Қулоқларини истаган томонига буриб тўғрилай олгани боис, от инсондан кўра узоқ масофадаги паст овозларни ҳам эшитади. От қулоқлари ёрдамида туйғуларини ҳам тушунтиради. Зеро, у ҳисларини энг яхши ифода этадиган ҳайвондир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳайвонга чиройли муомалада бўлишни буюрганлар: “Отнинг кокилларини, ёлини, думини кесманг. Чунки думи унинг елпиғичидир, у пашшаларни думи билан ҳайдайди. Ёллари унинг исинадиган либосидир. Кокилларига эса яхшилик (хайр) тугилгандир” (Имом Абу Довуд ривояти).
 Отнинг туклари унинг тана ҳароратини бир маромда сақлайди. У жуда катта тезликда югурганда ҳарорати ошади, касалликка чалинмаслиги учун тана ҳарорати 38 даражадан ошмаслиги керак. Шунинг учун отнинг териси кўп тер чиқариб салқинликни сақлайди. Шу боисдан отбоқарлар от териси ковакчаларини очиқ тутишга алоҳида эъти­бор беради ва уни парвариш қилади.

Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист