“Истисқо” луғатда сув сўраш, ёмғир ёғишини сўраш маъноларини англатади. Истилоҳда эса, қурғоқчилик бўлиб, ёмғирга эҳтиёж бўлганида махсус кўринишда Аллоҳ таолога ёмғир ёғдиришини сўраб илтижо этишдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли Зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур» (Нуҳ, 10–12).
Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ): “Истисқо дуо ва истиғфор билан бўлади. Агар мусулмонлар ҳар бирлари якка ҳолда намоз ўқиб, ёмғир сўрасалар жоиз”, деганлар. У кишининг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад эса, истисқо жамоат намози билан ўқилишини айтиб, бу намознинг тартибини бундай баён қилганлар: истисқо учун имом шаҳардан ташқарига чиқиб, одамлар билан икки ракат намоз ўқийди. Қироатни жаҳрий қилади. Намоздан сўнг ерда туриб, одамларга юзланиб, бир ёки икки хутба қилади. Икки хутба орасида бироз ўтиради. Хутбада дуо қилади, тасбеҳ айтади. Аллоҳ таолодан мўмин ва мўминаларнинг гуноҳларини кечиришини сўрайди. Хутбасини бошлаганидан бироз ўтиб, чопонини тескари ўгириб кияди. Жамоат эса кийимларини тескари киймайди.
Хутба тугагач, имом яна қиблага ўгирилиб тик турган ҳолда Аллоҳ таолога ёлвориб қўлларини кўтариб, дуо қилиб ёмғир сўрайди. Мўминлар учун истиғфор айтади. Одамлар ҳам қиблага юзланиб, жойларида ўтирган ҳолларида тавбаларини янгилайдилар, истиғфор айтадилар, Аллоҳ таолога ёлворадилар.
Имом ва жамоатнинг истисқога кетма-кет уч кун чиқиши мустаҳаб. Одамлар истиқога эски тоза кийимларда Аллоҳ таолога тазарру қилиб, бошларини эгган ҳолда чиқадилар. Ҳар чиқишларидан олдин садақа беришади. Агар имомнинг ўзи чиқмаса, одамларга чиқишни буюради.
Дарёлари, сойлари, қудуқлари бор жойларда ёмғир ёғмай қўйса ҳам, истисқо қилинмайди. Чунки ёмғирга ўта зарурат, муҳтожлик юзага келганида истисқога чиқилади.

Жамшид ШОДИЕВ
тайёрлади.