“Зуҳд” луғатда бир нарсани тарк қилиш ёки унга мойил бўлиш маъносидадир.
Истилоҳда эса зуҳд мол-дунёга муҳаббати қалбни асл вазифаларидан чалғитадиган даражада эгаллаб олишига йўл қўймасликдир. Шунга кўра, киши агар ўз зиммасидаги Аллоҳнинг ҳақини, камбағал-фақирларнинг ўз молидаги ҳақини билса, адо этса, мол-дунёси кўп бўлиши зуҳдга хилоф эмас. Бу тўғрида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Солиҳ бандада ҳалол мол бўлиши қандай ҳам яхши”, деганлар (Байҳақий, “Шуъабул имон”).
Қуръони каримдаги «Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) ҳам кетмагайсиз» (Ҳадид, 23) ояти зуҳдга далолат қилади.
Фақирлик зуҳднинг белгиси ёки шарти эмас. Киши фақир ҳолида мол-дунёга ўч, уни истаб, ўзини ўтга-чўққа урадиган бўлиши ҳам мумкин.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бундай деган: “Зуҳд уч турли бўлади: ҳаромни тарк қилиш – авомнинг зуҳди; ортиқча ҳалолни тарк қилиш – хосларнинг зуҳди; Аллоҳдан чалғитувчи ҳамма нарсани тарк қилиш – орифлар зуҳди”.
Зуҳдга бир неча босқичларда эришилади. Зуҳдни истаган киши аввало, асл мақсаддан чалғитувчи, қалбини маърифатдан тўсиб, боғлаб турган нарсалардан узилиши керак.
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб деди: “Ё Расулуллоҳ, менга шундай ишни буюрингки, уни қилсам, мени Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам яхши кўриб қолсин”. У зот: “Дунёдан кўнглингни уз, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан кўнглингни уз, одамлар сени яхши кўради”, дедилар» (Ибн Можа).
Суфён Саврий айтади: “Зоҳидлик дунё борасида орзу-умидни узун қилмасликдир”. Абдуллоҳ ибн Муборак: “Зуҳд – фақирликни яхши кўриш ва Аллоҳга суянишдир”, деган. Абу Сулаймон Дороний айтади: “Зуҳд – Аллоҳдан чалғитадиган нарсаларни тарк қилишдир”. Жунайд Бағдодий эса, “Дунёни паст санаб, қалбдан унинг таъсирини йўқотиш зуҳддир”, деган.
Бир киши Ҳасан Басрийнинг олдига келиб: “Эй имом, дунёдан зуҳд этишингизнинг сири нимада?” деб сўради. У киши: “Бунинг сири тўрт нарсада: ризқимни ҳеч ким олиб қўймаслигини билдим ва қалбим хотиржам бўлди; менга юкланган вазифани ҳеч ким бажармайди, шунинг учун, ўзим машғул бўлдим; Аллоҳ мени кўриб турганини билдим ва мени гуноҳ устида кўришидан уялдим; ўлим мени кутиб турганини билдим ва Раббимга йўлиқиш учун тайёргарлик кўрдим”, деб жавоб берди.
Демак, Ислом дини тўғри маънодаги зуҳдга чақиради. Одамларни буткул тарки дунё қилишга эмас, балки ўртача йўл тутишга чорлайди. Бу эса дунё ва охират яхшиликларини бир қилиб, мувофиқлаштириб, олишдир.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.