Истиқомат луғатда тўғри бўлиш, тўғри юриш маъноларини англатади. Кишининг хулқи ва ишлари шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши истиқоматдир. Аллоҳ таоло буюради: «Бас, (эй Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!» (Ҳуд, 112). Оят тафсирида Имом Мотуридий «Таъвилот аҳл ас-сунна” китобида бундай дейди: “Истиқомат тавҳиддир. Яъни, оятда: “Раббингга йўлиққунингча тавҳидда тўғри бўлгин”, дейилмоқчи».
Яна Аллоҳ таоло: «Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманг ва ғамгин ҳам бўлманг! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинг!”» деган (Фуссилат, 30).
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ё Расулуллоҳ, менга Исломда шундай бир гап айтингки, уни сиздан сўнг ҳеч кимдан сўрамайин”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга имон келтирдим, дегин, сўнг истиқоматда (тўғри) бўлгин”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунча имони тўғри бўлмайди. Тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди. Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”» (Имом Аҳмад ва Байҳақий).
Ушбу ҳадисдан истиқомат имоннинг соғломлигига, қалб ва тилнинг тўғрилигига боғлиқ бўлиб, зоҳирий ва ботиний кўринишда бўлишини билиб оламиз.
Орифлардан бири: “Истиқомат икки нарсадан: имон тўғрилиги ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган нарсага зоҳирда ҳам, ботинда ҳам эргашишдан иборат”, деган. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Истиқомат – яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришда бардавом бўлиш ва тулкига ўхшаб у ёқ-бу ёққа четламаслигингдир”, деган.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.