Ҳадисларнинг бизгача  етиб келишида муҳаддисларнинг ўрни катта. Уларнинг заҳматли меҳнати натижасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислари китоб­ларга ёзилди. Муҳаддислар бутун ҳаётларини ҳадисларни жамлашга, саҳиҳини носаҳиҳидан ажратишга бағишлашган. Муҳаддисларнинг фаолияти натижасида нафақат ҳадислар, балки ўша даврларда яшаган кўплаб ровийларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўламиз.

Муҳаддисларни икки қисмга бўлиш мумкин. Бири муҳаддислар, иккинчиси фақиҳ-муҳаддислар. Фақат муҳаддис бўлганлар, асосан ҳадисларни жамлашга эътибор қаратишган. Фақиҳ-муҳаддислар эса, ҳадисларни фиқҳий мавзуларга бўлган ҳолда жамлашга ҳаракат қилганлар ва бунга эришганлар ҳам.

Шунингдек, фақиҳ-муҳаддислар бирор мазҳабга (ҳанафий, моликий, шофиъий, ҳанбалий) эргашганлари учун, асосан ўша мазҳабда ҳужжат сифатида ишлатиладиган ҳадисларни тўплаганлар. Бундай муҳаддисларни мазҳаб муҳаддислари деб ҳам аташ мумкин. Шу ўринда ҳанафий муҳаддислардан баъзиларини келтирамиз:

1. Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий. Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг бош шогирди, шунингдек, Имом Моликдан ҳам таълим олган. Асосан катта фақиҳ сифатида танилган бу олим ҳадис илмида ҳам машҳур бўлган. Ҳадис ҳофизларидан саналган. Ислом оламида биринчи бўлиб “қозил қузот” (қозилар қозиси) унвонини олган. Милодий 798 (ҳижрий 182) йили вафот этган. Ҳадис илми бўйича Имом Абу Ҳанифага нисбат бериб ёзган “Осор” номли китоби бор. Шунингдек, фиқҳга доир «Харож» китоби машҳур.

2. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Мусанно. Машҳур саҳоба Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)нинг авлоди. Буюк муҳаддис, Басрада қозилик қилган ва Имом Бухорий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маин каби машҳур олимларнинг устози бўлган. У 831 (ҳижрий 215) йили вафот этган.

3. Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Жаъфар Таҳовий. Ҳадисда ва фиқҳда имом даражасига етишган ҳамда ҳадис илми бўйича “Мушкилул осор”, “Шарҳ маъонийил осор” каби китоблар муаллифидир. Олим бу асарларида тушунилиши қийин бўлган ва ихтилофли ҳадисларни шарҳлаб, тадқиқ қилган. Баъзи олимлар уни мужтаҳид даражасига етган деб ҳисоблашади. Ақида илмига доир “Ақидаут Таҳовия” рисоласи ҳам бор. Кўпгина олимлар бу рисолага шарҳлар ёзишган. Олим 933 (ҳижрий 321) йили вафот этган.

4. Аҳмад ибн Али Абу Бакр Розий Жассос. Ҳадис ва фиқҳда имом даражасига етган, муфассир. Ҳадис, фиқҳга доир ўндан ортиқ китоб ёзган. “Аҳкомул Қуръон” асари машҳурдир. У 981 (ҳижрий 370) йили вафот этган.

5. Жамолиддин Абдуллоҳ ибн Юсуф Зайлаий. Бу олим ҳам ҳадис ва фиқҳда имом бўлган. Бир қанча китоблари бор. Жумладан, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асаридаги ҳадисларни тахриж қилиб (манбаларини кўрсатиб) “Насбур роя” асарини ёзган. 1361 (ҳижрий 762) йили вафот этган.

6. Маҳмуд ибн Аҳмад Бадруддин Айний. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламига “Умдатул қорий” номли шарҳ ёзган. Бу асар ҳанафий мазҳаби қарашларини ўз ичига олган машҳур шарҳ. Бундан ташқари, Абу Жаъфар Таҳовийнинг “Шарҳ маъонийил осор” асарига “Нухабул афкор фи танқиҳи мабонийил ахбор” номли катта шарҳ битган. Олим 1451 (ҳижрий 855) йили вафот этган.

7. Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Камолиддин. Ибн Ҳумом номи билан машҳур. Фиқҳда мужтаҳид даражасига етган. Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобига ёзган “Фатҳул қадир” номли шарҳи билан танилган. 1457 (ҳижрий 861) йили вафот этган.

8. Қосим ибн Қутлубғо. Машҳур муҳаддис ва фақиҳ бўлиб танилган. Юздан ортиқ китоб муаллифи. Китоблари фиқҳ, ҳадис, тарих ва бошқа соҳаларга бағишланган. Асқалонийнинг “ан-Нухба” асарига шарҳ ёзган, тарих илмига доир “Тожут тарожим” асари машҳурдир. 1475 (ҳижрий 879) йили вафот этган.

9. Али ибн Султон Муҳаммад Қорий Ҳиравий Маккий. Мулло Али Қорий номи билан машҳур бўлган, ҳадис имомларидан. Табризийнинг “Мишкотул масобиҳ” номли ҳадислар тўп­ламига “Мирқотул мафотиҳ” деган машҳур шарҳ ёзган. Ақида илми бўйича Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” асарини шарҳлаган. Бу шарҳ ҳозиргача энг долзарб асарлардан бири бўлиб келмоқда. У 1606 (ҳижрий 1014) йили вафот этган.

10. Абдулҳай Абулҳасанот Лакнавий. Ҳадис ва фиқҳ бўйича кўплаб асарлар ёзган. Ҳадис илмида «жарҳ ва таъдил»га бағишланган “Ар-Рафъ ват такмил фил жарҳ ват таъдил» асари машҳур. Имом Кавсарий уни ҳадисни фиқҳда қўллаш бўйича замонасининг энг катта олими бўлган, дейди. 1887 (ҳижрий 1304) йили вафот этган. Жуда сермаҳсул муаллиф бўлиб, олимлар унинг 110 та китоб ёзганини қайд этишган.

Албатта, булардан бошқа муҳаддислар ҳам бўлганини ёдимиздан чиқармайлик. Имом Муҳаммад, Ҳасан ибн Зиёд Луълуий, Ҳаммод ибн Нўъмон, Ҳафс ибн Ғиёс Нахаъий Куфий, Муҳаммад ибн Холиб Ваҳбий, Абдуллоҳ Субазмуний ва Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий каби ҳанафий олимлар ҳам ҳадисга доир асарлар ёзишган.

Бу олимларни санаб ўтиш­дан асосий мақсад баъзи маз­ҳаб­сизларнинг: “Мазҳаблар, айниқса, ҳанафий мазҳаби Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) суннатларига асосланмайди”, деган даъволарининг пучлигини таъкидлашдир.

Дониёр МУРАТОВ,
Тошкент ислом университети катта ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди