Хуш бўйли моддалар – мушк, кофур (хушбўй ўсимлик), гул, ясмин, варс (сариқ хушбўй дарахт) ва заъфарон каби нарсалар атир дейилади. Ранги бадан ёки кийимда қолмайди.

Атир суртиб, хушбўйланиш суннатдир. Лекин ҳолатга қараб бу ҳукм ўзгаради. Абу Айюб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Тўрт нарса пайғамбарлар суннатидандир: хина, атир ишлатиш, мисвок қилиш ва никоҳ”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг кўнглимга дунёда аёллар ва хушбўйликка муҳаббат солинди. Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”, деганлар (Байҳақий).

Хушбўй, ранги қолмайдиган атирни эркаклар уй ичида ҳам, ташқарисида ҳам суришлари мустаҳабдир. Аёл уйидан ташқарига чиққанда ранги қоладиган, ҳиди сезилмайдиган атир ишлатиши мумкин. Термизий ва Насоий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишади: “Эркакларнинг атири ҳиди сезиладиган, ранги билинмайдиганидир. Аёлларнинг атири эса, ҳиди сезилмайдиган, ранги билинадиганидир”. Аёл уйидан ташқарида хушбўй бўлиб юришдан қайтарилган. Бунга “Қайси аёл одамлар олдидан, ҳидини билишлари учун атир сепиб ўтса, зинокордир” (Имом Аҳмад ва Насоий) ҳадиси далолат қилади. Аёл уйида ҳиди сезиладиган, ё сезилмайдиган атирлардан фойдаланаверади.

Жума намози учун хушбўйланиш мандубдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан ривоят қилади: “Бу (жума) кун Аллоҳ таоло мусулмонлар учун байрам қилган кундир. Сизлардан ким жумага келса, ғусл қилсин, агар атир бўлса, уни суртсин, тишларини мисвок билан тозалашни канда қилмасин” (Ибн Можа).

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қайси бир киши жума куни ғусл қилиб, имкони борича покланиб, уйидаги хушбўйликдан суртиб чиқса ва икки кишининг орасига суқилмаса, сўнг унга фарз қилинган намозни ўқиса ва имом гапирганида жим ўтирса, унинг шу жума билан ўтган жума ўртасидаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий).

Эркак кишига ҳайит намозига чи­қишидан олдин атир суртиши мандуб. Ҳанафий мазҳабида рўзадор атир суртиши мумкин. Эътикофдаги киши кечаси ҳам, кундузи ҳам атир суртиши жоиз.

Фақиҳлар эҳром боғлаган кишининг баданига ҳам, эҳромига ҳам атир суртиши мумкин эмаслигига иттифоқ қи­лишган. Лекин эҳромга киришдан олдин хушбўйланиш суннатдир. Бунга далил Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг ушбу сўзи: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га эҳромга киришларидан олдин эҳром учун атир суртиб қўярдим” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Эҳромдаги кишининг хушбўй атирни ҳидлаши макруҳдир.

Катта боин талоқ ва эри ўлгани сабаб иддадаги аёлга хушбўйланиш ҳаромдир.

Жамшид ШОДИЕВ
тайёрлади.