"Аҳд" арабча сўз бўлиб, луғатда келишув, васият, омонлик, зимма, қасам, илм маъноларини англатади. Истилоҳда ҳам ана шу маъноларни ифодалайди.

Аҳдга вафо қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг» (Наҳл, 91). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳдга вафо қилмаганларни қоралаб: “Аҳди йўқнинг дини йўқ”, деганлар (Табароний “Кабир”да ривоят қилган). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳдга вафо қилишда барчамизга намуна бўладилар. Мадинага ҳижрат қилиб келганларида яҳудийлар билан тузилган (васиқа) ҳужжатга, Ҳудайбия сулҳига ва бошқа келишувларга қатъий вафо қилганлар. Ҳадисда бундай дейилади: “Тўрт хислат кимда бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда бу хислатлардан бири бўлса, ўшани тарк қилгунича унда мунофиқликдан бир иллат бўлади. У хислатлар: омонат берилса – хиёнат қилиш, гапирса – алдаш, аҳдлашса – вафо қилмаслик, хусуматлашса – фожирлик қилишидир”.

Аллоҳ таоло аҳдларини бузувчилар тўғрисида бундай марҳамат қилади: «...қайсики, (улар) Аллоҳ аҳдини унинг битимидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер (юзи)да бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Улар, албатта, зиён кўрувчилардир» (Бақара, 27).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тажовуз қилмаслик ҳақида аҳдлашганларни бир-бирига зулм қилишдан қайтариб: “Ким аҳдлашган кишига зулм қилса ёки камситса, ёки унга тоқати етмайдиган ишни юкласа, ёки ундан бирор нарсани унинг ихтиёрисиз олса, қиёмат кунида мен унга қарши бўламан”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳдни муддатидан олдин бузишдан, аҳдлашган томонга билдирмай аҳдни бузишдан қайтарганлар ва: “Кимнинг бирор қавм билан аҳди бўлса, унинг муддати тугамасдан бирор тугунни боғламасин ҳам, ечмасин ҳам ёки улар билан бир вақтда аҳддан чиқсин”, деганлар.

Жамшид Шодиев
тайёрлади.