“Аҳли байт” ёки “Оли байт” арабчадан таржима қилганда “уй аҳли” маъносини англатади.
 
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди» (Аҳзоб, 33).
 
Оли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дейилганда Али (розияллоҳу анҳу) оиласи, Аббос (розияллоҳу анҳу) оила­си, Жаъфар (розияллоҳу анҳу) ­оиласи, Ақил (розияллоҳу анҳу) оиласи, Ҳорис ибн Абдулмутталиб оиласи, Абу Лаҳаб оиласи ва уларнинг авлодлари тушунилади. 
 
Улардан Абу Лаҳаб оиласидан бошқа­ларининг закот олишлари жоиз эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу садақалар одамларнинг кирларидир. Албатта, уларни олиш Муҳаммадга ҳам, Муҳаммаднинг аҳли байтига ҳам муносиб эмас”, деганлар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти). Абу Лаҳаб оиласи ва авлодлари закот олишлари мумкин. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ва Абу Лаҳаб ўртамизда қариндошлик йўқ”, деб уларнинг қариндошлигини бекор қилганлар. Лекин ҳанафий мазҳабидаги бир қавлда Абу Лаҳаб авлодларидан мусулмон бўлганларга ҳам закот олиш жоиз эмас, дейилган. 
 
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдлари Имом Абу Юсуфдан ривоят қилинишича, ҳошимий киши бошқа ҳошимийга закотини берса бўлади. 
 
Аҳли байт каффоратлар ва ушр­ни ҳам олиши жоиз эмас. Нафл садақаларни аҳли байт олиши жоиз ёки жоизмаслиги тўғрисида ҳанафий мазҳабида икки қавл бор: жоиз ва ножоиз. Ҳошимий киши закот йиғишга масъул бўлса, закотдан ҳақ олиши ҳам жоиз эмас.
 
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳажда Қасво номли туяларининг устида: “Эй инсонлар, сизларга шундай нарсаларни қолдиряпманки, агар уларни маҳкам ушласангиз адашмайсиз. Булар: Аллоҳнинг Китоби ва аҳли байтим”, деб хутба қилаётганларини кўрдим» (Имом Термизий).
 
Турбаштий: «“Аҳли байтим” деганларидан насллари, яқин қариндошлари ва зав­жаларини назарда тутганлар», дейди. Али Қори айтади: “Уларни (аҳли байтни) маҳкам ушлаш уларни яхши кўриш, ҳурматини сақлаш, ривоятларига амал қилиш, айтганларига таяниш билан бўлади”. Ибн Малик айтади: “Китобни маҳкам ушлаш ундаги нарсаларга амал қилиш, яъни Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, наҳйиларидан қайтиш билан бўлади. Аҳли байтни маҳкам ушлаш эса, уларни яхши кўриш, уларнинг йўли ва сийратига эргашишдир”.
 
Жамшид ШОДИЕВ
тайёрлади.