Барака луғатда ўсиш, ортиш маъноларида келади. Шаръий истилоҳда эса, фазилат ёки ажрнинг ортиши, нарсаларнинг моддий кўпайиш, фойдаси кўп бўлиши каби маъноларни англатади.

Барака Аллоҳ таолодандир. Аллоҳ таоло нимага барака берса, у баракали бўлади. Нимадан баракани олиб қўйса, у баракасиз бўлиб қолади. Шунинг учун, барака фақат Аллоҳ таолодан сўралади.

Барака ғайбий, маънавий тушунча бўлиб, уни ушлаб, ҳидлаб, кўриб ёки татиб бўлмайди.

Баъзи нарсалар борки, Аллоҳ уларни доимо баракали қилиб қўйган. Масалан, Маккаи мукаррама, ёмғирни Аллоҳ таоло доимо баракали қилган: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир» (Оли Имрон, 96). Осмондан ёғадиган ёмғирнинг баракали экани тўғрисида «Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик» (Қоф, 9), деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуолари билан баъзи вақтлар баракали бўлган. У зот: “Ё Аллоҳ, умматимнинг эрта тонгларига барака бергин”, деб дуо қилганлар. Баъзи инсонларнинг умри баракали бўлади. Масалан, Имом Нававий ўттиз тўрт йил умр кечирган. Аллоҳ таоло умрига барака бергани учун, кўплаб фойдали асарлар ёзиб қолдирган.

Мол-дунё, агар ҳалол йўлдан топилиб, шариат рухсат берган ишларга сарфланса, унда барака ва ўсиш бўлади. Айюб (алайҳиссалом) кийимларини ечиб чўмилаётганларида устиларига осмондан тилла чигирткалар ёғади. Шунда у зот уларни териб йиға бошлайдилар. Парвардигор унга: “Сени бунга муҳтож қилиб қўймагандим”, дейди. Айюб (алайҳиссалом): “Тўғри, лекин мен Сенинг баракангга муҳтожман”, дейди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи зикрлар ва сураларнинг ҳам барака экани тўғрисида гапирганлар. Жумладан, Бақара сураси ҳақида “Бақара сурасини ўқинглар. Уни ёд ўқиш барака, ўқимаслик ҳасрат. Унга сеҳргарларнинг кучи етмайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Яъни, киши агар бу сурани ўқиса, ёд олса, унга амал қилса, унинг вақти, амали ва ҳаракатларида барака бўлади. Шунингдек, у сура уй учун ҳам баракадир. Чунки шайтон Бақара сураси ўқилган уйдан қочади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баракали зот бўлганлар. У зот ушлаган нарса баракали бўлиб қолган. Бирон нарсага тегсалар, у нарса муборак бўлган, одамлар у зотнинг вафотларидан сўнг ҳам ўша нарсадан барака олганлар. У зотнинг тегишлари, дуо қилишлари билан кам сув, кам таом кўпайиб, ундан кўп сонли кишилар истеъмол қилган. Бу ҳақида кўп ривоятлар келган.