Дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума куни дуоларнинг ижобат бўлиши ҳақида: “Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Пайғам­баримизга салавотлар кўрсати­лади. Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар учун энг хайрли кун жума кунидир. Шундай экан, бу куни менга кўп салавотлар айтинглар, чунки бу кунги салавотлар менга кўрсатилади”, деб айтганлар (Абу Довуд).   
 
Қадамлар остидан нурлар чиқади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.
 
Масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенглаштирилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки жума куни ғусл қилиб,  масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжид сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар. 
 
Гуноҳлар мағфират этилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан  хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса, у киши уйига олдинги жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.
 
Масжидга барвақт борган туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа).
 
Моҳира ЗУФАРОВА
тайёрлади.