Замон ўзгариши, турмуш воситалари­нинг янгиланиши, фан ва техника та­раққиёти каби омиллар сабаб фиқҳга янгича муносабат юзага келди. Энди тезкор ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди. Натижада бир неча Ислом фиқҳи академияси тузилди.

Ана шундай муассасалардан бири Халқаро Ислом фиқҳи академиясидир. Бу академия Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги муассасадир. Унинг тўлиқ номи «Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳузуридаги халқаро Ислом фиқҳи академияси»дир. Қароргоҳи Саудия Арабистони Қироллигининг Жидда шаҳрида. Ушбу академия ҳижрий 1401 – милодий 1981 йили Макка шаҳрида бўлиб ўтган Ислом давлатлари раҳбарларининг учинчи олий кенгашида тузилган.

Академия таъсис қурултойи Маккаи мукаррамада ҳижрий 1403 йил 26–28 шаъбон – милодий 1983 йил 7–9 июн кунлари бўлиб ўтди. Биринчи мажлиси эса ҳижрий 1405 йил 26–29 сафар – милодий 1984 йил 19–22 ноябр кунлари ташкил этилди. Унда академия Низоми ва иш режалари ишлаб чиқилди. Ташкилий масалалар кўрилди. Котибият кенгаши ва режалаштириш, илмий тадқиқотлар ҳамда фатво шўъбалари тузилди.

Ушбу академияни ташкил этишдан мақсад замонавий ҳаёт муаммоларини ўрганиш, улар ҳақида исломий илмий меросга асосланган ва кўпчилик овоз билан маъқулланган ечимларни тақдим қилишдир. Шунингдек, ихтилофли китоб­ларни янгилаш, тадқиқотчи фақиҳлар ва шариат уламоларини манбалар билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Академиянинг йиллик мажлислари турли Ислом давлатларида бўлиб ўтади. Уларда кунимизнинг муҳим масалаларига оид муаммолар атрофлича ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади.

Ташкилот бир неча йўналишда иш юритади. Замонавий муаммоларни ўрганиб, ечим топиш учун йиллик кенгашлар ўтказиш, фиқҳий қомуслар, китоблар, журнал нашр этиш ва илмий анжуманлар ўтказиш шулар жумласига киради.

Милодий 2008 йилнинг бошида Ислом конференцияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг раиси доктор Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд эди. Феврал ойида у киши вафот этди. Сўнг иорданиялик олим Абдуссалом Довуд Убодий янги бош котиб этиб таъйинланди. 2011 йил 1 августда суданлик олим, профессор, доктор Аҳмад Холид Абу Бакр академия Бош котиби бўлди.

Академия Низомига мувофиқ Ислом конференцияси ташкилотига аъзо бўлган ҳар бир давлат номидан битта олим бевосита Академиянинг ишчи аъзоси ҳисобланади. Ғарб давлатларидан ҳам кўзга кўринган мусулмон уламолар аъзоликка сайланишлари мумкин. Бундан ташқари Академия­нинг “Ислом давлатлари уюшмаси”да қатнашувчи турли мамлакатлардан ҳам аъзолари бор. Аъзолар орасида ўзбекистонлик дин арбоблари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур, атоқли олим Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам борлиги бизни қувонтиради.

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси Нозимжон ИМИНЖОНОВ тайёрлади.