Ер юзида мусулмонлар учун Каъбаи муаззамадан табаррук макон йўқ. Миллионлаб мусулмон ана шу тўртбурчак шаклдаги қора иншоот акс этган суратни ҳурмат юзасидан уйининг тўрига осиб қўйган. Миллиарддан ортиқ диндор эса унга юзланиб намоз ўқийди ва телевизор орқали кўриб, маънавий озуқа олади. Эътиборингизга қибламиз ҳақидаги баъзи маълумотларни ҳавола этамиз:

1. У бир неча бор қайта қурилган. Биз кўриб турган Каъба Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳиссалом) қурганидан ўзгачароқ. Даврлар мобайнида табиат ҳодисалари ва бошқа сабаб билан у бир неча бор таъмирланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида, ваҳий келмасидан олдин пухта таъмирланган. Умуман, тарихда 9 маротаба қайта қурилган. Сўнгги бор 1996 йилда юқори технология ёрдамида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, бинонинг асоси, девордаги тошларнинг бир қанчаси ва томи алмаштирилди.

2. Илгари кириш-чиқиш эшиги 2 та бўлган. Анча аввал эса дераза ҳам бўлган. Ҳозир унда бир дона улкан эшик бор. Эшик саж дарахтидан ясалган бўлиб, унинг қопламаси ва Қуръони карим оятларини ёзиш учун 300 киллограммга яқин соф олтин ишлатилган. Шунинг учун ҳам бу эшик дунёда энг қимматбаҳо ҳисобланади. Унинг айланасида ушбу оят келтирилган: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир» (Оли Имрон, 96). Эшикнинг икки табақасида қора кумушдан ишланган ҳалқа ўрнатилган, унга одам қўли етмаймади. Унинг пастроқ қисмида қулф осилган яна икки ҳалқа бор.

3. Каъбанинг усти олдин яшил, қизил ва оқ каби турли рангдаги матолар билан ўралган. Биз уни фақат тилла ипдаги оятлар туширилган қора Каъбапўш тўшалган ҳолатда кўрганмиз. Каъба устига қора мато ёпиш шу рангни хуш кўрган аббосийлар давридан урф бўлиб қолган.

4. Каъбатуллоҳ калитини доим бир оила сақлайди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Каъбага тегишли ҳар бир буюмни сақлаш масъулияти Қурайш қабиласинининг маълум уруғларига юклатилган. Вақт ўтиши билан, биргина шу калит эгаларидан бошқа барча васийлар ўз назоратларини йўқотишган. Маккаи мукаррама мусулмонлар қўлига ўтгач, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) калитни тортиб олиш ўрнига, уни Бани Шайба оиласининг давомчиси Усмон ибн Талҳага топширар эканлар, бундай дедилар: “Бани Талҳа, калитни олинг, қиёматга қадар калитни сизлардан ҳеч ким тортиб ололмайди”. Мана, бир неча юз йилдирки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шу гапларидан кейин халифа, султон ёки қирол бўладими, Каъба ичига кириш учун ҳамма шу оила вакилидан рухсат сўрайди.

5. Бир неча асрлар аввал истаган одам ҳафтасига 2 маротаба Каъба ичига кириб, бемалол ибодат қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқ, тозалаш маросимида бугунга келиб йилига бир марта фақатгина давлат раҳбарлари ёки юқори мартабали меҳмонларгина бундай шарафга сазовор бўладилар. 2015 йилга қадар ушбу тадбир йилига икки маротаба ўтказилар эди. Ўтган йилги тадбирда одамлар оёқ остида қолиб кетгани боис, Ҳарамайн маъмурияти раҳбари Абдурраҳмон ас-Судайс тадбирни йилига бир марта ўтказишни маслаҳат берди. Тозалаш маросимида юқорида номи келтирилган Бани Шайба вакили зинапоядан кўтарилиб, муборак калит билан қулфни очади, бу пайтда уни икки ҳамроҳи сариқ ипак мато билан тўсиб туради.

6. Каъба Маккаи мукарраманинг чуқур қисмида жойлашгани боис аваллари ёғингарчилик пайтида сув йиғилиб қоларди. Ўзи у ерларга ёмғир кам ёғади, шунинг учун ҳам тошқинлар инобатга олинмаган ва сув тортиш тизими яхши йўлга қўйилмаган эди. Ҳатто Каъба ярмигача сувга тўлган ва шу ҳолатда кунлаб турган пайтлар бўлган, шунда ҳам тавоф тўхтамаган, ҳожилар сузиб юриб, бу амални бажаришган. Замонавий технология ёрдамида сув сўрилиши ва канализация тизими мутлақо янгиланди ва бу муаммо бутунлай ҳал этилди.

7. Каъбатуллоҳ ичида 3 устун, мато ёки истиғфор ёзувлари қўйиладиган стол шаклидаги сандиқча бор. Учала устун ҳам саж дарахтидан думалоқ шаклда ишланган ва ҳар бири уч фаришта номи билан аталади. Улар ўртасида ип тортилган бўлиб, унга қадимий мис чироқлар ва буюмлар осилган. Деворнинг паст қисми ва пол мармардан ишланган. Деворнинг тепа қисми “Калимаи шаҳодат” ёзилган яшил мато билан қопланган. Шунингдек, деворларга Каъбаи муаззамани таъмирлаган 10 нафар шахс исми ёзилган тахта осилган. Шифтга қотирилган икки чироқ Каъба ичини ёритиб туради. Каъба ичига бир вақтнинг ўзида 50 та одам сиғиши мумкин. Ичкарига кирган одам тўрт томонига қараб икки ракатдан намоз ўқийди.

8. Каъбанинг қоқ тепасида – осмонда ердагига айнан ўхшайдиган яна бир Каъбатуллоҳ мавжуд. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида бундай дейилган: «...Кейин менга Байтул Маъмурни кўрсатдилар. Мен Жаброил (алайҳиссалом)дан “Нима бу?” деб сўраганимда, У: “Бу Байтул Маъмур. Уни ҳар кун 70 000 нафар фаришта тавоф қилади, эртасига ўринларига бошқа фаришталар келишади ва бу тавоф тўхтамайди, бир марта тавоф қилган фариштага қиёматгача яна тавоф қилиш навбати етмайди” дедилар».

9. Ҳаммамиз биладиган кумуш гардишли Қора тош авваллари бу кўринишда бўлмаган. Бунинг тарихи турлича талқин қилинади: 1) Абдуллоҳ ибн Зубайр даврида Маккаи мукаррамани қамал қилган умавийлар тошни бўлишган. 2) Ҳаж ибодатини бидъат дея эълон қилган баҳрайнлик исмоилийлар Куфа шаҳрига олиб кетишган. Аббосийлар катта тўлов эвазига жойига қатаришганида тош майдаланган эди. Уни жамлаш учун қора гардишга солишган. 3) Тарихчилар фикрига кўра, ҳозир қора тошнинг баъзи бўлаги йўқолган ёки бошқа жойда сақланади. 4) “Қора тош жаннатдан тушган”, деган талқинга ишонмаган британиялик олим унинг бир бўлагини текширганида ушбу тош таркибидаги унсур ер юзида йўқлигига амин бўлиб, Ислом динини қабул қилган.

10. Жаҳондаги энг машҳур тўртбурчак қиррали Каъба илгари овал шаклда бўлган. Унинг қолдиғи биз билган “Ҳижру Исмоил”дан маълум. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аввал Қурайш қабиласи уни таъмирламоқчи бўлишган. Ўша даврда ичкилик, қиморбозлик ва фоҳишабозликка ружу қўйган Макка аҳлида биргина Каъбани қуриш учун етарли ҳалол маблағ топилмаган. Шундан сўнг улар Каъбани кичикроқ – ҳозирги кўринишга келтиришган ва аввалги чегара, яъни “Хатим” деворининг ярмигача лойдан пахса уриб, шундайлигича қолдиришган.

Каъба шунчаки қизиқарли тарихий воқеаларга бой макон эмас, балки у қаерда бўлишларидан қатъи назар, мусулмонларни бирлаштириб турувчи рамздир. У бизни ўтмиш билан боғлайди, бирдамлигимизни мустаҳкамлайди ва доимо яшашдан мақсадимиз нима эканини эслатиб туради.

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.