Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган миллий Конгресс кутубхонаси дунёдаги энг катта ва қадимий кутубхоналардан биридир.

Кутубхонага 1800 йил 24 апрел куни АҚШ президенти Жон Адамс пойтахтни Филаделфиядан Вашингтонга кўчириш ҳақида фармон берган куни асос солинган. Кўпгина ноёб китобларни харид қилиш ҳамда уларни сақлаш учун ўша пайт беш минг доллар ажратилган. Фақат президент, вице-президент, сенат аъзолари ва қуйипалата вакилларигина фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлгани учун ҳам “конгресс кутубхонаси” деб номланган.

Кутубхона хазинасида етти юз қирқта китоб ва Лондондан сотиб олинган Американинг уч дона жуғрофий харитаси бор эди. Американинг кейинги президенти Томас Жефферсон 1801 йилда кутубхона хазинасини анча бойитди. Лекин 1812–1816 йиллардаги Америка – Англия урушида кутубхона ёнғинга учради ва кўпгина нодир қўлёзмалар ёниб кетди. Шундан сўнг мамлакат экс-президенти Мэдисонга машҳур кутубхоначи Жефферсондан таклиф тушди. У ўз хонадонида йиққан турли тиллардаги олти минг тўрт юз саксон еттита китобни йигирма уч минг тўққиз юз қирқ долларга конгрессга сотди. Шу боис кутубхона “Жефферсон” номи билан ҳам танилган. 1851 йили кутубхонада яна ёнғин чиқиб, хазинанинг учдан икки қисми, яъни эллик беш минг китоб куйиб кетди. Бир йилдан сўнг уни тиклаш учун давлат бюджетидан бир юз олтмиш саккиз минг етти юз доллар ажратилди. Маблағнинг асосий қисми кутубхона биноси қурилиши ва таъмирланишига сарфланди.

Таъмирдан кейин кутубхонага вазирлар, олимлар, ёзувчилар ва журналистлар ҳам киришларига рухсат берилди. 1870 йилдан бошлаб кутубхона директори Эйнсуорт Рэнд Споффорд қайси мавзуда бўлишидан қатъи назар, Америкада чоп этилган ҳар бир нашрдан битта нусхани мунтазам хазинага қўшишга киришди. Бундан ташқари мамлакат аҳолиси томонидан беғараз топширилган китоб, адабиёт ва турли ҳужжат намуналари қўшиб борилди.

1899–1939 йилларда кутубхонага раҳбарлик қилган Герберт Патнем китобларни янгича услубда таснифлаб чиқди. У раҳбарлигининг сўнгги йилларида Конгресс кутубхонасининг “Жон Адамс” номли иккинчи шўъбасини очди. Томас Жефферсоннинг “Билим саройи” яқинида жойлашган ушбу бино қурилишига олти миллион беш юз минг доллар сарфланган.

1907 йили Конгресс кутубхонаси красноярсклик савдогар ва кутубхоначи Г.Юдиннинг китоб хазинасини харид қилди. Бу хазинада рус халқи тарихига доир саксон бир минг дона қизиқарли китоб ва журнал бор эди. Ҳозир хазинада уч юз мингдан ортиқ русча нашр бор.

1930 йилга келиб кутубхона Америка бюджетидан қопланувчи асосий ташкилотлардан бирига айланди. Хазинада ҳуқуқ, тарих, филология, сиёсат, табиий ва техника фанлари, библиография ва бошқа мавзуларда китоблар бор. Тиббиёт ва қишлоқ хўжалигига доир китоблар махсус миллий кутубхоналарда сақлангани боис бу ерда тўпланмаган.

Бу даргоҳда беш минг беш юзта ҳарф териш йўли билан чиқарилган илк китоблар, уч юз ўттиз минг хитой халқ асари, тўрт юз эллик минг япон адабиёти ва Американинг олтмиш минг камёб тўпламлари бор.

2000 йилга келиб кутубхонанинг узунлиги саккиз юз эллик километрга чўзилган жовонларида бир юз ўттиз миллион китоб, журнал, газета тўпланди.

Кутубхона учта асосий бинодан иборат бўлиб, унда бир-бирига ўтадиган ер ости йўллари бор. Хавфсизликни сақлаш ходимлари назоратидан ўтса бас, китобхон хоҳлаган бинода юриши мумкин. 1. Фёстси кўчасида жойлашган Томас Жефферсон биноси 1897 йили очилган. 2. Секондси кўчасидаги Жон Адамс биноси 1939 йил фойдаланишга топширилган. 3. Фёстси кўчасида жойлашган Жеймс Мэдисон биноси 1971–1976 йиллари қурилган.

Конгресс кутубхонаси бир минг тўрт юз олтмиш ўриндиқли ўн саккизта ўқиш залига эга. Ўқувчилар у ерда сақланаётган китобларни “Миллий рўйхат” номли каталог орқали топишлари жуда қулай ва осондир. Кутубхонанинг уч минг олти юз йигирма тўрт нафар ишчиси йилига бир миллион етти юз эллик минг нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатади. 1987 йилдан ҳозирги кунгача Жеймс Хедли Биллингстон раҳбарлик қилаётган мажмуада сақланаётган адабиётлар сони бир юз қирқ тўрт миллион беш юз олтмиш икки минг икки юз ўттиз учтадир. Конгресс кутубхонаси харажатлари учун йилига олти юз қирқ олти миллион етти юз олтмиш бир минг доллар маблағ сарфланади.

Кутубхона хазинасидаги нодир асарлардан чет эллик китобхонлар ҳам http://www.loc.gov/ интернет саҳифаси орқали фойдаланишлари мумкин.