XX аср охирларига келиб инсоннинг ўртача умри 70-80 ёшга тенглашган бўлса-да, 100 ёшдан кўп умр кўраётганлар ҳам оз эмас. Жумладан, Эроннинг Келюса қишлоғилик Саид Али исмли киши 195 йил яшаган. У ҳатто умрининг сўнгги йилларида ҳам кўзойнаксиз бемалол кўра олган.

Озарбойжоннинг жануби-шарқида жойлашган, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдаги тоғли қишлоқ фуқароси Шерали Муслимов 168 йил умр кўрган. Тоғнинг табиий тоза ҳавоси ва тиниқ, соф булоқ суви, сут маҳсулотлари, кичкинагина томорқасида етиштирган мева-сабзавотлар асосий озуқаси бўлган бу қария то умрининг сўнгги кунларигача кетмон чопишни, моллар учун ўт ўришни канда қилмаган. Фарзанд­лари, невара-чеваралари, эваралари кўплигидан ҳаммасининг исмини ҳам билмасди. Шерали Муслимов вафот этганида унинг кенжа қизи 30 ёшда эди.

Америкалик машҳур физиотерапевт Пол Брэгг турли мамлакатларда бўлиб, соғлом турмуш тарзи асосларини ўрганар экан, Туркияда 154 ёшли Зора Агха билан учрашади. Бу киши ёшлигида Истамбулдаги йирик темирйўл вокзалида юк ташувчи бўлиб ишлаган. "154 ёшида ҳам кўриш, эшитиш қобилияти ва жисмоний кучи ёш йигитларнинг ҳавасини келтирадиган даражада эди. Унинг бор-йўғи иккита тиши тушган, қолганлари эса садафдек оппоқлиги мени ҳайратга солди", деб ёзган эди Пол Брэгг. Хўш, Зора Агханинг узоқ умр кўриш сири нимада эди? Маълум бўлишича, унинг таомномаси жуда оддий бўлган. Овқатга умуман ҳайвонот ёғларини ишлатмаган, ҳафтасига 2 донадан ортиқ тухум истеъмол қилмаган. Овқат ва салатлар тайёрлашда фақат махсар ёғидан фойдаланган. Шунингдек, у ҳеч қачон рафинадланган ва сунъий йўл билан тайёрланган маҳсулотларни овқатга ишлатмаган. Умрида бир тишлам ҳам оқ нон, шакар ва қанд истеъмол қилмаган, бир ҳўплам ҳам спиртли ичимлик ичмаган. Мунтазам равишда қуёшда қуритилган қора нон, ёғсиз гўшт ва кўп миқдорда мева-сабзавотлар еган. Энг севимли таоми эса хурмо бўлган, кунига уч-тўрт дона хурмо истеъмол қилган. Чанқоғини қондириш учун тоза сув ҳамда ялпиз дамламаси ичган.

Жанубий Американинг Эквадор давлатида – Анд тоғлари бағридаги қишлоқларда ҳам 100 ёшдан ошиб кетган қариялар кўп. Англиялик тиббиёт профессори уларнинг узоқ умр кўриш сирини аниқлаш учун шу ерда икки йил яшади. Кўрган ва эшитганлари асосида профессор узоқ умр кўриш дастурини яратди. Унга кўра:

- мунтазам жисмоний меҳнат билан шуғулланиш;

- ҳар куни маълум вақт боғ ва томорқада ишлаш;

- имкон қадар кўпроқ пиёда юриш. Жумладан, кексайганда ҳам кунига камида икки чақирим масофани пиёда босиб ўтишга ҳаракат қилиш;

- спиртли ичимликлар ичмаслик, тамаки маҳсулотлари чекмаслик;

- асабийлашмаслик, муаммо ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, стрессли ҳолатларга тушиб қолмасликка интилиш;

- қайта ишланган, хусусан, қайнатилган, қовурилган, тузланган, консерваланган таомларни иложи борича камроқ истеъмол қилиш;

- кўпроқ янги узилган ва табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар ейиш;

- таомномада гўшт маҳсулотлари имкон қадар кам бўлишига эришиш;

- тана талаб қилганича ухлаш;

- севимли машғулотга эга бўлиш;

- тунд, қўрс ва қўпол кишилар билан мулоқотда бўлмаслик;

- ҳеч қачон қариликни бўйинга олмаслик.

Японияда эса узоқ умр кўришнинг сабабини инсонларнинг табиат билан ҳамоҳангликда яшашга интилиши, кўп миқдорда янги овланган ёки музлатилган балиқ ҳамда денгиз маҳсулотлари истеъмол қилишига боғлашади.

 Мутахассислар узоқ умр кўришда оила, соғлом турмуш тарзи ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашади. Хусусан, узоқ йиллик махсус тадқиқотларнинг кўрсатишича, эр-хотин жуфт­лиги барқарор оилалардаги эркак ва аёллар ёлғиз жинсдошларига нисбатан беш йил кўпроқ умр кўришаркан. Турмушидан ажрашган эркаклар одатдагидан уч марта кўп шифокорга мурожаат этишлари ҳам исботланган.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.