МИЯ УЧУН ОЗУҚА

Ёнғоқни олиб, яхшилаб разм солинг. У сизга нимани эслатаяпти? Табиатда бошқа бирор нарса ташқи кўринишдан ёнғоқчалик мияга ўхшамайди. Энг қизиғи, инсон миясида бўлгани каби хонаки ёнғоқда ҳам омега-3 кислоталари сероб экан. Мияда айнан мана шу кислоталарнинг етишмаслиги хотирани ва диққатни бир жойга жамлаш қобилиятини сусайтиради. Мазкур кислота ошқовоқ, зиғир ёғи, йирик баргли кўкатларда кўп бўлади.

 

СУВ ТАНҚИСЛИГИ БЎЛМАСИН

Инглиз олимларининг аниқлашича, танада озгина сув тан­қислигининг пайдо бўлиши ҳам ақлий қобилиятни 10 фоизгача камайтириб юбориши мумкин экан. Танамиздаги бошқа аъзоларга қараганда мияда сув кўпроқ, яъни 80 фоизга тенг. Мия "чанқаганини" билдирувчи белгилар қуйидагилар: енгил бош оғриғи, тез чарчаб қолиш, диққатни жамлаш қобилиятининг сусайиши. Шу боис Буюк Британия таълим тизимида ўқувчининг мактабга ўзи билан идишда ичимлик суви олиб келиши мажбурий ҳисобланади ва бола дарс пайтида ҳам ўқитувчидан рухсат сўрамай сув ичиши мумкин.

Мактаб ёшидаги бола кунига 1,5–2 литр сув ичиши, унинг тенг ярмини мактабда истеъмол қилиши керак. Шунинг учун болангизни мактабга жўната туриб, бир шиша қайнатиб совутилган сув беришни унутманг.

 

НОНУШТА ЁДДАН ЧИҚМАСИН

Қанд мияни тиниқлаштиришини кўпчилик яхши билади. Аммо у қонда глюкоза миқдори меъёридан камайиб кетгандагина ёрдам беради. Глюкоза камайганини ҳолсизлик, бош айланиши ва танада енгил қалтираш кузатилишидан билиш мумкин. "Оч" қолмаган мияга эса қанд умуман керак эмас. Инсон миясининг меъёрида ишлаши учун В1, В3, В5, В6 витаминлари жуда зарур. В гуруҳ витаминлари ёғсиз гўшт, жигар, гулкарам, сули, тозаланмаган гуруч, кепакли ундан пиширилган нонда кўп бўлади.

Оилангиз учун айнан мана шу маҳсулотлардан нонушта тайёрлашга одатланинг.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.