“Лувр” дунёдаги энг машҳур санъат музейларидан биридир. У Париж шаҳри маркази, Сена дарёсининг ўнг қирғоғи, Риволи кўчасида жойлашган. Мажмуа ҳудуди Людовик XIVнинг отлиқ ҳайкали турган жойдан бошланади.

Ушбу бино 1190 йили қирол Филипп Август қалъаси сифатида барпо этилган. Викинглар ундан Сена дарёсидан кечаётган кемаларни кузатишда фойдаланишди. 1317 йили қирол Карл V уни қароргоҳ қилиб олади. 1528 йили қирол Франциска I қалъани бузиб ташлайди. 1546 йилдан бошлаб Пиер Леско, Генрих II ва Карл IX даврларида бино ёнида янги минора қурилади ва муҳташам саройга айланади. 1594 йили Генрих IV Екатерина Медичи буйруғи билан бунёд этилган Тюилри қасрини бирлаштиришга аҳд қилди. Саройнинг тўртбурчак шаклдаги ҳовлисини безатишда меъморлар Лемерсе ва Луи Леволар маҳорат кўрсатишди. Қироллар Людовик XIII ва Людовик XIV ҳукмронлик пайтида мажмуа тўрт баробарга катталаштирилди. Уни безашга Пуссен, Романелли ва Лебрен сингари машҳур рассомлар масъул бўлишди. 1667–1670 йиллари меъмор Клод Перро лойиҳасига асосан сарой ҳовлисига устунлар ўрнатилди. 1682 йили қирол Версал номли қасрга кўчиб ўтгач, “Лувр”ни музей шаклига келтириш фикри туғилди. Наполеон I даврида меъморлар Персе ва Фонен Риволи кўчасининг шимолида қурилиш ишларини бошлади ва 1852 йили Напалеон III даврида якунига етказди. 1989 йили эса меъмор Йо Минг Пей бошчилигида унга ойнаванд эҳром (пирамида) қўшимча қилинди.

Зиёратчилар учун музей эшиклари илк бор 1793 йил 8 ноябр куни очилган. Француз инқилоби пайтида уни “Наполеон” деб аташган. Музей хазинаси биринчи бўлиб Франциско I ва Людовик XIVларнинг газламага туширилган расмлари тўплами билан тўлдирилган.

Ҳайкалтарошлик асарлари асосан Франция музейидан келтирилган. Музейнинг биринчи директори барон Денон хазинага қурол-аслаҳалар ҳамда Миср ва Яқин Шарқнинг археологик топилмаларини киритди. Экспонатлар турли йўллар билан кўпайтирилди.

Хазинадаги экспонатлар Қадимги Шарқ, Қадимги Миср, Қадимги Юнонистон, Этрурия, Рум, Ислом маданияти, ҳайкаллар, буюмлар, тасвирий санъат ва графика каби бўлимларда сақланади. Шарқ тўпламидаги асарлар ҳам учга – Мовароуннаҳр; Эрон ва Сурия; Фаластин, Кипр ва бошқа Ўртаер денгизи мамлакатларидан келтирилган санъат асарларига ажратилган. Ушбу ашёлар даврий тасниф бўйича жойлаштирилган.

“Лувр”даги турли маданият, маърифат ва замонларга доир сақланаётган уч юз минг дурдонанинг фақатгина ўттиз беш мингтаси кўргазма залларида намойиш этилади. Зарар етмаслиги учун экспонатлар ҳар уч ойда алмаштириб турилади.

Яқинда Ислом санъати ва маданияти бўлими очилди. Дурдоналар Луврнинг уч минг квадратдан иборат Висконти залига жойлаштирилди. Бўлимнинг очилишига Ислом динига оид нодир асарларнинг кўп ва хилма-хиллиги сабаб бўлди. Музейга дастлаб исломий экспонатлар 1922 йили олиб келинган. Янги лойиҳа бўйича лойиҳага VII–XIX асрларга оид ноёб буюм намуналари киритилди. Ҳозиргача ўн олти мингдан ортиқ нусхадан атиги икки минг уч юзтаси кўргазмага қўйилган эди. Энди эса бой мерос оммага қизиқарли ва тушунарли бўлиши учун янги майдон даврлар бўйича тўрт қисмга бўлинди. Ҳар бир экспонат остига қисқа сатрларда изоҳ берилди. Зиёратчи Атлантикадан тортиб Ҳиндистонгача Ислом олами тарихига сайр қилиш имконига эга. Кўргазмага қўйиладиган нусхалардан энг ноёблари Қуръони карим қўлёзмалари ва Арабистон яриморолидаги қиролликлар саройларида ишлатилган турли буюмлардир.

Музей майдони бўйича жаҳонда учинчи ўринда туради. Бир юз олтмиш минг квадрат метр майдонни эгаллаган ушбу музей зиёратчилари сони бўйича ҳам жаҳонда етакчидир. Йилига саккиз ярим миллион зиёратчи келади. Хоҳловчилар музейнинг www.louvre.fr сайти орқали кенг қамровли маълумотномадан, кутубхона ва виртуал саёҳатдан фойдаланишлари мумкин.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.