Доно халқимиз: “Қонунни билган қоқилмайди”, дейди. Албатта, ҳақ-ҳуқуқини яхши билган киши қийналмайди, оғир вазиятлардан осон чиқиб кетади. Мамлакатимизда лаёқатли ҳар бир шахс меҳнат қилиш, касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Шунга асосан фуқаро иш берувчи ташкилот ёки корхона билан меҳнат шартномасини тузиши керак. Меҳнат шартномаси қандай ҳужжат, у қандай тузилади, қандай бекор қилинади?

 

Меҳнат шартномаси иш берувчи билан ишчи-ходим ўртасидаги касб билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжатдир. Унда тарафларнинг муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича иш бажариши, ички меҳнатга ҳақ тўлаш юзасидан тегишли қонунлар асосидаги келишуви акс этади. Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади. Унинг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган намунавий шартнома асосида бўлади (Қаранг: Вазирлар Маҳкамаси 1997 йил 11 мартдаги 133-сон Қарори билан тасдиқланган “Ходимлар билан тузиладиган Меҳнат шартномаси (контракт)нинг намунавий шакли”). У камида икки нусхада тузилиб, бир хил кучга эга бўлади ва тарафларда сақланади.

Меҳнат шартномаси ходим ва иш бериш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланади ҳамда ушбу имзо ҳақиқий ва ваколатли эканини таъкидлаш учун корхона муҳри билан тасдиқланади.

Меҳнат шартномалари белгиланмаган ва беш йилдан кўп бўлмаган аниқ муддатга тузилиши мумкин.

Шахслар ўн олти ёшдан бошлаб ишга қабул қилинади. Агар таълим олишига ҳалақит бермаса, соғлиғи ҳамда маънавий-ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган шароит бўлса, умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари ўқувчилари ҳам ўқишдан бўш вақтларида енгил ишларни бажариши мумкин. Бунинг учун улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан биттасининг ёзма розилиги бўлиши керак.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси томонлар имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Ходим шартномада белгиланган кундан иш бошлайди.

Меҳнат шартномаси қуйидаги мақсадларда дастлабки синов шарти билан ҳам тузилиши мумкин:

– топширилаётган ишга ходимнинг лаёқатлилигини текшириб кўриш;

– ходимнинг шартлашилган ишни давом эттира олиши ҳақида ўйлаб, бир қарорга келиши.

Дастлабки синовни ўташ шарти меҳнат шартномасида қайд этилган бўлиши лозим. Агар бундай шартлашув бўлмаса, ходим синовсиз ишга қабул қилинган ҳисобланади.

Ҳомилали аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган энг кам иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, шунингдек, олти ойгача бўлган муддатга ишга қабул қилинадиган ходимлар билан меҳнат шартномаси тузилганида дастлабки синов белгиланмайди. Синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас. Бу давр ходимнинг меҳнат стажига киритилади. Синов муддати ичида ҳар бир тараф иккинчи тарафни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Меҳнат шартлари деганда ишлаш жараёнидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омилларининг барчаси тушунилади. Ижтимоий омилларга меҳнат ҳақи миқдори, иш вақти, таътилнинг муддати ва бошқа шартлар киради.

Меҳнат шартларини ўзгартириш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин:

– тарафларнинг келишувига кўра – ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;

– тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

– муддатнинг тугаши билан;

– тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга қараб;

– меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра;

– танлов бўйича ўтмагани ёки танловда қатнашишни рад этгани учун;

– корхона тугатилиши муносабати билан.

Ходим белгиланган ёки белгиланмаган муддатга тузилган меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилиши мумкин. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли. Иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Корхона мулкдори алмашганида, худди шунингдек, корхона қайта ташкил этилганида (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганида) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси корхона мулкдори алмашиши сабабли бекор қилинганида янги мулкдор уни бу ҳақда камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши ёки унга мутаносиб равишда товон тўлаши шарт.

Муддатли меҳнат шартномасида уни муддатидан олдин бекор қилгани учун тарафларнинг мажбурияти белгиланади. Бунга кўра, агар ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлари бўлмаса, иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган бўлса, иш берувчи ходимга белгиланган миқдорда ҳақ тўлайди. Агар ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинса ёки ходимнинг айби билан боғлиқ бўлса, ходим иш берувчига ҳақ тўлайди. Тарафлардан бири уни тўлашдан бош тортса, суд орқали ундирилади. Агар меҳнат шартномасида бундай тўлов миқдори белгиланмаган бўлса, тарафлар уни тўлашдан озоддир.

Муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади. Агар муддат тугаганидан кейин ҳам меҳнатга доир муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бири бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома белгиланмаган муддатга узайтирилган ҳисобланади.

Меҳнат шартномаси томонлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган қуйидаги ҳолатларда ҳам бекор қилиниши мумкин:

– ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганида;

– шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланганида;

– ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганида;

– ишга қабул қилиш пайтида белгиланган қоидалар бузилгани боис ва бу қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ҳамда у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;

– ходимнинг вафоти муносабати билан;

– қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганида ходимга иш ҳақи тўланиши керак. Агар унинг миқдори хусусида низо бўлмаса, меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга шартнома бекор қилинган куни, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.

Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганида унинг иш ҳақи қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмай ёки ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмай тўланиши керак.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганида ходимга тегишли ҳақнинг миқдори юзасидан низо чиқса, ходимга шак-шубҳасиз тегиши зарур бўлган маблағни иш берувчи юқорида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.

Икром МАРДОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси