Халқ орасида баъзи удумлар бор, улар бидъат ё хурофотдан бошқа нарса эмас. Ана шундай удумлардан бири сафар ойидан шумланишдир. Бу ойда тўй қилганлар бахтсиз бўлади, сафарга чиққанлар ҳалокатга йўлиқади, бирор каттароқ ишга қўл урганлар омадсизликка йўлиқади, деган хато гаплар юради. Тарихга назар солсак, бу ойда буюк ишлар амалга оширилганининг, бахтли оилалар қурилганининг гувоҳи бўламиз.

– Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотимани (розийаллоҳу анҳо) ҳазрат Алига (розийаллоҳу анҳу) ҳижрий иккинчи йил сафар ойи­да турмушга берганлар.

– Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижрий бешинчи йил сафар ойида Зайнаб бинти Жаҳшга (розийаллоҳу анҳо) уйланганлар.

– Машҳур саркарда Холид ибн Валид, Миср фотиҳи Амр ибн Ос, Каъба калити эгаси Усмон ибн Талҳа сингари буюк саҳобалар ҳижрий саккизинчи йил сафар ойида Исломни қабул қилишган.

– Ҳижратнинг тўққизинчи йили сафар ойида Узра қабиласидан ўн икки киши элчи бўлиб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) элчиларни яхши кутиб олдилар. Улар Исломни қабул қилиб, Мадинада бир неча кун тургач, юртларига қайтиб кетишди.

– Имом Ҳасан ҳижрий қирқ биринчи йил сафар ойида Кўфа шаҳридан Мадоин шаҳри томон йўлга чиқди ва сафари икки гуруҳ мусулмонларнинг иттифоқи билан тугади.

– Адолатли подшоҳ Умар ибн Абдул Азиз ҳижрий тўқсон тўққизинчи йили сафар ойида подшоҳликка сайланди.

– Машҳур кишилар Имом Табароний, Абу Али ибн Сино, имом Саъдуддин Тафтазоний сафар ойида туғилишган.

 

Тошкент ислом институти "Диний фанлар" кафедраси мудири Абдул Азим ЗИЁУДДИН тайёрлади.