"Ислом нури" газета саҳифаларида (2011 йил, 18-19-сонлар) диний унвонлар, лавозимлар ҳақида  маълумотлар берилгани бизга айни муддао бўлди. Нафақат ёшлар, балки айрим ёши катталар ҳам бундай унвону лавозимларнинг маъноларини яхши билмайди.

Сизлардан илтимос, масжид имом-хатиби, ноиби, мутавалли, муаззинларнинг вазифалари ҳақида ҳам  маълумот берсангиз.

Саидвали МИРВАЛИЕВ,

            Зангиота тумани

 

Имом-хатиб

Масжиднинг кундалик фаолиятига масжид имом-хатиби  раҳбарлик қилади. Имом-хатиб ва ноиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси буйруғи билан тайинланади. Имомликка тайинланувчи шахснинг тегишли диний маълумотга  эгалигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши лозим.

Масжид имом-хатиби масжидда ўқиладиган беш вақт намозга имомлик қилади, масжиднинг кундалик ишларига ва унинг ҳайъати фаолиятига раҳбарлик қилади, ҳисобчи хазинабон билан биргаликда молиявий ҳужжатларни имзолайди, масжид ишонч қоғозларини беради; масжид фаолиятига доир буйруқлар чиқаради.

           

Имом ноиби

Масжид имом ноиби Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг буйруғи билан беш йил муддатга тайинланади. Ноиб масжид имом-хатибига бўйсунади, у йўқлигида масжид фаолиятини юритади. Масжид низомига асосан масжиднинг кундалик ишлари билан шуғулланади.

 

Масжид мутаваллиси

Масжид мутаваллиси масжид қавмининг умумий йиғилишида сайланади.

Мутавалли лавозимига сайланаётган шахс ҳўжалик бошқарув ишларида камида беш йил ишлаган бўлиши шарт. Мутавалли масжид имом-хатибига бўйсунади ва масжиднинг хўжалик фаолиятини юритади. У масжид ходимларининг ойлик мао­ши, даромад солиғи, коммунал ва турли мажбурий тўловларни ўз вақтида тўланиб боришини таъминлайди. Шунингдек,  имом-хатиб билан биргаликда молиявий ҳужжатларни имзолайди, масжид ишонч қоғозларини беради, банк ва бошқа кредит муассасаларида масжид ҳисоб рақами (ёки жорий муомала ҳисоби)ни очади ва ёпади.