Инсон ўз насл-насабини ёд этиб, уларнинг исми-шарифини, касбини билиб бориши, келажак авлодлари ҳам бундан хабардор бўлиши учун ўз шажарасини тузиб қолдириши лозим.

"Шажара" арабча сўз бўлиб, "дарахт" деган маънони билдиради. Демак, шажарадан ҳар бир одам ўз оиласи дарахти қай томон илдиз отганини, шохлаганини билиб олади.

Шажарадан ўрин олган ҳар бир инсоннинг исмидан ташқари, туғилган йили, касбу кори, хулқ-атвори, қизиқиш-қарашлари, турмуши, болалари ва уларнинг туғилган йиллари, фаолияти ёзиб борилади.

Бу маълумотлар ёшлар ўз ҳаёт фаолиятини белгилашида ҳам ёрдам беради. Ҳаттоки келажакда қандай касб-кор соҳиби бўлиши мумкинлигига йўл очади. Чунки ҳар бир одамнинг қобилияти ота-боболариникидан кам бўлмаслигини генетика фани исботлаган.

Бундан ташқари, қон-қариндошлар ўртасида бўладиган қуда-андачилик алоқаларининг олдини олишда ҳам оила шажараси жуда аҳамиятлидир. Шажарада ким-кимга қанчалик яқин ёки узоқ қариндошлиги аниқ кўриниб туради.

Динимиз яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан қайтаради. Улар турмуш қурсалар, қариндошларда ҳамма ирсий белгилар бир-бирига ўхшаш бўлгани боис, турли ирсий нуқсонли фарзандлар туғилиши мумкинлигини генетика фани ҳам исботлаган.

 

Саодатли ОСТОНА