Гуноҳларига тавба қилган, Яратгандан фақат эзгуликлар тилаётган одамнинг кўнгли ёришади, руҳи енгиллашади, юзларига нур инади. Бундай киши билан суҳбатлашган, ҳатто кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашган одамнинг ҳам кўнгли равшан тортади.

Шу йил 31 октябр куни Тошкент халқаро аэропортига муборак диёрдан – Пайғамбаримиз (алай­ҳис­­­салом) юртидан ҳожи­ларнинг илк карвони­ етиб келди. Бу ерда юз­ларча одам ҳаж амалларини адо этиб келаётган яқинларини интиқ кутиб турарди. Ватанига эсон-омон етиб келган зиёратчилар қариндош-уруғ­ларининг бағрини тўлдирди. Юз­ларида нур балқиб турган ҳожиларимизни суҳбатга чорладик. Улар ҳаж таассуротлари, у ердаги қулай шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб беришди.

Турсунбой УМАРОВ:

– Алҳамдулиллаҳ, ҳаж амалларини қулай шароитларда бажардик. Дуоларимизда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз бахт-саодати, соғ-саломатлигини сўрадик. Шароитларимиз барча ҳавас қилгулик даражада бўлди. Бизга хизмат кўрсатганларга ташаккур айтамиз. Илоҳи, ҳожиларимиз сони бундан-да кўпайсин, динимизнинг асосий арконларидан бўлган ҳаж амалини адо этиш барчага насиб қилсин!

 

Наима ТЎРАЕВА:

– Аллоҳга беадад шукр, риз­қимиз қўшилган экан, мана ҳаж ибодатини адо этиб келдик. Мутасадди раҳбарлардан, ишчи гуруҳидан миннатдормиз. Бизга жуда намунали хизмат кўрсатишди.

 

Салим БАДАЛБОЕВ:

– Аёлим билан бирга ҳажга бориб, яхши таассуротлар олиб, кўнглимиз нурга тўлиб қайтдик. Динимизнинг бешиги бўлган Макка ва Мадина шаҳарларида тарихий жойлар кўп экан. Ана шу муборак масканларни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдик.