21 октябр куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида  ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 22 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда тиллар кафедраси мудири Ибодулла Аҳроров, нотиқлик санъати ўқитувчиси Шуҳрат Қаюмов истиқлол йилларида она тилимизга берилган эътибор тўғрисида сўзлашди. Тадбир меҳмони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик тилнинг миллат равнақидаги аҳамияти, уни эъзозлаш, миллий ифтихор аслида нима экани ҳақида гапириб берди. Ҳурматли адибимиз она тили миллат кўзгуси эканини қайта-қайта уқтирди. Шунингдек, имом-хатиблар адабий тил меъёрларига риоя этган ҳолда ваъз қилишса, насиҳатлари таъсирли, самарали бўлишини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда ҳозир диний нашрларда айрим атамалар турлича қўлланаётгани, олимлар, мутахассислар уларнинг ёзилиши борасида бир тўхтамга келишлари зарурлиги тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қизиқарли савол-жавоблар, талабалар ижросидаги саҳна кўринишлари туфайли байрам тадбири янада мароқли, қизиқарли ўтди.

Муҳаммад СИДДИҚ