Осмонимиз мусаффо, кунларимиз тинч-тотувликда ўтмоқда, бугунги ҳаётимиз осуда, эртанги турмуш янада фаровон бўлишига умид ва ишончдан қалбларимиз равшан!.. Халқимиз  яшариш ва янгиланиш байрами Нав­рўзни шукроналар билан, шоду хуррамликда кутиб олди.

19 март куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғига баҳорнинг барча таровати жам бўлгандек эди. Юртдошларимиз вакиллари ҳамда Ватанимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлардан ташриф буюрганлар бевосита иштирок этган ажойиб Наврўз тантаналарини нафақат республикамиз аҳли, балки ер юзининг юздан ортиқ мамлакатлари  аҳолиси телеэкранларида тўғридан-тўғри томоша қилдилар. Юртбошимиз Ислом Каримовнинг байрам муносабати билан сўзлаган табрик нутқидаги: "Наврўз ўз руҳи ва ғоялари билан ҳар қайси инсон она заминнинг, табиатнинг ажралмас узвий қисми экани, табиатнинг нақадар гўзал эканини ҳис қилиб, уни эъзозлаб, ҳамнафас бўлиб яшашга ундаши билан бизга қадр­лидир.

    Ҳар қандай ғараз, гиналар ва низолардан воз кечиб, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, аҳиллик ва бирдамлик, элатлар орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик нақадар бебаҳо бойлик эканини улуғлаши, ўзининг даъватлари билан Наврўз байрами халқимизнинг қарашларига ғоят ҳамоҳангдир", деган сўзлари кўнглимиздан кечаётган ўй-туйғулар билан уйғундир.

Байрам шодиёналари, сайллар, тансиқ таомларга тўла дас­турхонлар атрофидаги дилкаш суҳбатлар эзгу дуоларга уланди: "Мустақиллик шабадаси кўксига тегиб, ҳур яшай бошлаган халқимизга янги кун, янги йил ҳамда яшариш байрами бўлган Наврўз муборак бўлсин! Ўз қадр-қимматини топган элнинг ҳар куни Наврўз бўлсин! Она халқига мўл-кўл ризқ насиба улашиш  ниятида ерга уруғ қадаган, кўчат эккан  деҳқон, боғбон ва миришкорларнинг хирмонига Яратган барака ато этсин! Элимиз тинч, юртимиз обод бўлсин!

 

Муҳтарама Улуғова