Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асарларининг 15 жилдлиги совет даврида нашр этилган эди. Ўша нашрнинг 15-жилдидан ўрин олган “Насойимул муҳаббат мин шамойимил футувват” (Улуғлик хушбўйликларини таратувчи севикли шабадалар) асарида шоир тўққиз аср (VII –XV) давомида Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Шарқий Туркистонда яшаб, ижод қилган 770 авлиёнинг ибратли ҳаётидан лавҳалар, ҳикматли фикрларини жамлайди. Афсус, ўша даврда тўла имконият бўлмагани боис бу асар қисқартилиб, бешдан бир қисми нашр этилган.

Манбашунос олим  Ҳамидхон Исломий бир неча қўлёзма нусхаларга асосланиб, асарнинг эски ўзбек ёзувида илмий-танқидий матнини тайёрлади.

Яқинда “Мовароуннаҳр” нашриёти ушбу китобни 500 нусхада чоп эттирди.