28 май куни Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда виждон эркинлигининг амалий ифодаси” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов очиб, Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлик борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, юртимизда маънавий, тарихий қадриятлар, Ислом маданияти ва маърифатини тиклаш, ривожлантириш, зиёратгоҳлар, тарихий қадамжоларни таъмирлаш ва ободонлаштириш йўлида амалга оширилаётган ибратли ишларни қайд этди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Тошкент Ислом университети ректори Равшан Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда яшаётган миллат ва элатлар ўртасидаги меҳр-оқибат, мурувват ва саховат замонлар силсиласида синовдан ўтганини, миллатлараро дўстликнинг олий намунаси сифатида шаклланганини таъкидлашди.

Рус Православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси митрополити Викентий, Рим католик черкови епископи Е. Мацулевич, Тошкент шаҳар яҳудийлар жамоаси раввини Б. Абрамчаев Ўзбекистондаги диний ва миллатлараро тотувликни сақлаш борасидаги ишлар кўп мамлакатларга намуна бўлишга арзигулик эканини гапиришди.

Муҳаммад Сиддиқ