Яқинда Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги Маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган Республика китоб байрами китобсеварлар, ноширларнинг ҳақиқий шодиёнасига айланди. Қаламкашлар, санъатшунослар, ўқувчи ва талабалар, ота-оналар ва болажонлар, устозлар билан гавжум сўлим боғнинг файзи ўзгача бўлди. Чунки пойтахтимизда фаолият юритаётган нашриётлар, улар билан бир қаторда республикамиз вилоятларида ишлаб турган нашриётларнинг маҳсулотлари – мазмунан ранг-баранг, бири биридан қизиқарли китоблар қатор пештахталардан жой олди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Республика Марказий Кенгаши, Республика “Маҳалла” жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Ўздавкитобсавдотаъминоти” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди. Республикамизда ноширлик ва ахборот-кутубхона соҳасини янада такомиллаштириш масалалари, жаҳон интернет тармоғида миллий адабий меросимизни тарғиб этиш, ўзбек китоб графикасининг тарихи, ривожланиши, унинг бугунги ютуқ ва муаммолари, ноширлик масъулияти каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди, ўқувчиларнинг саволларига шоир ва ёзувчилар, нашриёт ходимлари жавоб бердилар.

Айниқса, ўзи севган китоб муаллифи билан юзма-юз учрашиб, дастхатлар олган ўқувчиларнинг хотирасида бу байрам ўчмас из қолдириши шубҳасиз.

Икки кун давом этган тадбир китоб миллатнинг бебаҳо бойлиги эканлигини яна бир карра тасдиқлади. Пештахталар олдида синчковлик билан ўзига керакли китобларни саралаётган ёшу кексаларни, уни сотиб олганидан ёки тадбирда ташкил этилган турли билимдонлик синовларида ғолиб чиқиб мукофот сифатида китоб олган йигит-қизларни, ҳали ўқишни билмаса-да, китобчаларни бағрига босиб чулдираётган кичкинтойларни кузатарканман, беихтиёр Юртбошимизнинг: “Маънавият, маърифатни тарғиб этиш ҳар бир зиёлининг ишидир”, деган гаплари ёдимга тушди. Бугунги ажойиб байрамнинг ҳар бир иштирокчиси ҳам маънавият, маърифат тарғиботчисига айланса, иншааллоҳ.

 

“Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси” шиори остида ўтказилган Республика китоб байрами қатнашчиларининг тадбирдан олган таассуротлари бир дунё эканлиги юз-кўзларида акс этиб турарди. Мухбиримиз айрим иштирокчиларни суҳбатга чорлади.

 

ЎҚУВЧИ ҚАЛБИГА ЙЎЛ ТОПСАК...

Эркин АЛИМОВ, “Чўлпон”

нашриёти муҳаррири:

Нашриётлар фаолиятида бугунги тадбирнинг аҳамияти жуда катта. Минглаб ўқувчиларнинг, айниқса, ёшларнинг ўқишга, билим олишга, маънавий оламини бойитишга чанқоқлигини кўриб турибмиз. Фарзандларимизнинг мустақил ҳаётга дадил кириб боришида, билимли, маданиятли, маънавиятли, мустақил фикрли бўлишида китоблар олами бажарган ишни бошқа ҳеч қандай восита уддалай олмайди. Бугун турли ёшдаги, хилма-хил соҳа вакиллари бўлган ўқувчиларимиз билан учрашиб турибмиз, уларни қандай мавзулар, қандай китоблар кўпроқ қизиқтиришини билиб оляпмиз. Эътибор бериб турибман, нашриётларнинг вакиллари ҳамма жойда айланиб юриб ўқувчилар қандай асарларни сўрашаётганини, нималарга қизиқишаётганини кузатишяпти. Улар шундан келиб чиқиб, ўзларининг келажак иш режаларини тузадилар ва талаб-эҳтиёж кўп бўлган асарларни босиб чиқаришга ҳаракат қиладилар.

Ҳозирги китобхон ҳаттоки ўн-ўн беш йил олдинги ўқувчидан кескин фарқ қилади. Мустақил мамлакатимиздаги ўзгаришлар, тараққиёт, ёшларнинг билим олиши ва ҳунар ўрганишига яратилган шароитлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тезликда хабардорлик ақлий, маданий-маънавий салоҳияти юксак, талабчан инсонларни тарбияламоқда. Уларнинг кўнглига йўл топадиган, эзгуликка етаклайдиган, халқимизнинг юксак фазилатлари ва қадриятларини қалбларга жойлайдиган китоблар кўпайишига ҳисса қўшиш ниятидамиз.

 

КИТОБДАН ЯХШИ ДЎСТ ЙЎҚ

Қамбар ОТА, болалар шоири:

Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Китоб байрами бу – ақл, заковат, билим, соғлик байрами. Китобдан яхши дўст йўқ, деб жуда кўп донишмандлар таъкидлашгани бежиз эмас. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.

Мен бугун бу ерга ота-оналарининг етагида келган кичкинтой болаларнинг китоб пештахталари олдидаги қувончлари, китобга интилишлари, саҳифаларни чанқоқлик билан томоша қилишларини кўриб, саволларини эшитиб, ҳаяжонланиб юрибман. Насиб этса, уларга ёқадиган, тарбиясига ижобий таъсир қиладиган, яхшилик ва гўзаллик оламига етаклайдиган янги шеърлар ёзсам, ажабмас.

 

ШУНДАЙ ТАДБИРЛАР КЎПАЙСИН

Дилноза БАДРИДДИНОВА, Чилонзор тумани коммунал хизмат кўрсатиш коллежининг ўқитувчиси:

Фарзандим ҳозир олти ёшда, уни тўрт-беш ёшидан китобга қизиқтира бошлаганман. Ўшанда ҳеч қайси машғулот, ўйин болалар учун ўқиш каби қизиқарли эмаслигини тушунганман. Янги ўқув йилидан мактабга боради, аммо “Алифбе” ва биринчи синф “Ўқиш китоби”ни тўлиқ ўзлаштириб бўлган. Ҳозир эртак китобларини, “Тонг юлдузи” газетаси, “Ғунча” журналини мустақил ўқийди. Расмли эртак китобларига, математикага оид ўйинли масалаларни ечишга, расм чизишга жуда қизиқади.

Қизимиз китобга меҳр қўйиб, ўқий бошлаганидан кейин тарбиясида ҳам яхши ўзгаришларни кузатяпмиз. Аввало, бўш вақтларини ўқиш, ўрганиш билан тўлдирадиган бўлди, мустақиллиги ортди. Ҳаттоки бирор жойга меҳмонга борсак ҳам, катталарга хархаша қилмай, китоб ҳақида гаплашадиган дўст орттиради ёки ўқиш учун бирор нарса топиб олади. Нутқи равонлашди, ҳар хил саволларга тортинмай, чиройли жавоб бериш кўникмалари ривожланиб боряпти. Муҳими, эртак, ҳикояларнинг ижобий қаҳрамонларининг чиройли одоби, фазилатларига тақлид қилади, уларга ўхшашга интилади. Биз бундан жуда хурсандмиз. Шунинг учун бугун тонгдан китоб байрамига келиш учун оилавий тайёргарлик кўрдик. Нашриётлар ходимлари китоблар совға қилишди. Бундай тадбирлар тез-тез бўлиб туришини истаймиз.

 

СЕВГАН ҚАҲРАМОНЛАРИМ– ДЎСТЛАРИМ

Фазилат ИКРОМОВА, педагогика

коллежи талабаси:

Бугунги китоб байрамида билимдонликни, топқирликни, китобхонликни синайдиган ҳар хил ўйинлар ҳам ташкил қилинганидан хурсандмиз. Мен ана шундай савол-жавобларнинг ғолибларидан бўлдим, қўлимдаги мана бу китобларни совға-соврин қилиб беришди. Баъзи дугоналарим китоб ўқиш учун вақт тополмасликларини айтишади. Мен эса ҳар қандай вазиятда ҳам мутолаа учун имкон топишга ўрганганман. Агар кундузи фурсатим бўлмаса, кечқурун, ҳеч ким халақит бермайдиган пайтларда маза қилиб китоб ўқийман. Яна айримлар: “Бир неча кун битта китобни ўқигунча, ўша воқеаларни кино орқали бир неча соатда кўриб олсанг бўлади. Китобдаги маълумотларни интернетдан ҳам топиш мумкин”, дейишади. Кимга қандай, лекин менга кино ҳам, интернет ҳам китоб ўқиган каби бой таассурот бермайди. Ўзим севган китоб қаҳрамонлари қалбимдан жой олган, улар худди садоқатли, ўз сўзида маҳкам турадиган, ҳаётда тўғри йўл кўрсатадиган дўстга ўхшайди. Яхши асарлар ўқиганим сари шундай дўстларим ортади.

Ёшлигимиздан бизни китоб билан ошно қилган, биргалашиб эртаклар, шеърлар ўқиб уларни тушунишга ўргатган, китобларни ўқиб, уқиб, қадрлашга ўргатган ота– онамдан умрбод миннатдорман.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА

тайёрлади.