Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлашнтиришга алоҳида эътибор қаратилиши ўзининг самарали натижаларини бермоқда. Бозорларимизда сифатли маҳсулотлар кўпайиб, халқимиз эҳтиёжлари қондирилишида кичик бизнес ходимлари ва хусусий тадбиркорларнинг ҳиссаси йилдан йилга ортмоқда. Уларнинг ҳаракатлари, изланишлари натижасида чекка худудларда ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар фаолият юритмоқда, шаҳар ва қишлоқлар янада обод бўлмоқда, ҳунармандлик ва халқ амалий санъатининг унутилган турлари тикланмоқда. Буларнинг барчаси жойларда янги-янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳолининг иш билан таъминланишига имкон яратади. Масалан, 2012 йилда биргина Қашқадарё вилояти бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга 268,5 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Истиқболли лойиҳаларга 11,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Бу кўрсаткич 2011 йилга нисбатан 32 фоиз кўп бўлиб, шу каби дастурларни амалга ошириш натижасида ўтган йили 88 794 та ишчи ўрни яратилди.